Европадаги охирги кунларда рўй берган теракт ва ҳужумлар Польшанинг мусулмон муҳожирларни қабул қилмаслик қарорини янада мустаҳкамлади. Бу ҳақда мамлакат миллий хавфсизлик бюроси бошлиғи Павел Солох баёнот берди, деб хабар беради «РИА Новости».
«Охирги терактлар мисолида шунга амин бўлмоқдамизки, жамиятга интеграцияси заиф бўлган мусулмонлар кўп тўпланган ерлар — Каталонияда эса уларнинг сони ярим миллион атрофида — террорчилар учун табиий базадир», — маълум қилди Солох Польша телевидениеси эфирида.
Польша аввал бошидан Европа Иттифоқининг миграцион сиёсатига қарши чиқиб, Чехия ва Венгрия билан бирга 2015 йил сентябрида Евроиттифоқ мамлакатлари ички ишлар вазирлари томонидан келишилган муҳожирларни жойлаштириш схемасига бойкот эълон қилган эди. Режага мувофиқ, икки йил ичида иттифоқнинг 28 мамлакатидан 23 тасида, илгари келишилган 40 минг муҳожирдан ташқари, яна 120 минг қочқинни жойлаштириш керак эди. Июль ойининг охирида Еврокомиссия муҳожирларни қабул қилишга қарши чиққан Польша, Чехия ва Венгрияга қарши санкцион жараёнларни бошлаб юборди.
Изоҳ (0)