АҚШнинг Флорида штатида Uber ҳайдовчиси Чад Фарли ўз жонига қасд қилиб, Sunshine Skyway кўпригидан сакрамоқчи бўлган йўловчининг ҳаётини сақлаб қолди, деб ёзади Forum Daily.
Фарли 28 ёшли йўловчини уйидан олиб кетган ва у борадиган манзилнинг ғалати эканлигига эътибор берган: йўловчи Sunshine Skyway кўприги ўртасида тушиб қолиши керак эди. Фарли эркакнинг ақли жойида эмаслигини тахмин қилди ва 911 ходимларини чақиришга муваффақ бўлди, улар эса йўловчига ўз вақтида ёрдам бера олди.
Сафар чоғида йўловчи Фарлига унда мия саратони борлиги, ҳозир кўприкка бориб, сўнг тез ёрдам чақириши, улар эса эркакни Тампа шаҳрига олиб кетиб, даволаш муолажаларини давом эттиришини айтди. Аммо Фарли унинг бу гапларидан шубҳаланди ва 911 хизматига мурожаат қилди.
Фарли йўловчини сув бўйидаги ўриндиққа олиб борди. Етиб келган полициячилар у билан гаплашишга уринди, аммо у ўзини сувга отди. Полициячилар эркакни қутқариб олди ва касалхонага юборди.
Изоҳ (0)