Иқлим ўзгаришлари ҳозиргидек давом этадиган бўлса, 2100 йилга бориб Жанубий Осиёнинг айрим ҳудудларидаги ҳарорат инсоннинг ҳаёт кечиришига тўғри келмайдиган аҳволга айланади. Бу борадаги тадқиқотларни америкалик ҳамда хитойлик олимлар Science Advances илмий журналида чоп этди, деб хабар берди «Интерфакс».
Олимларнинг аниқлашича, инсон фаолиятининг таъсири сабаб Осиёнинг жанубидаги одам кўп истиқомат қиладиган мамлакатларнинг тўртдан уч қисми — Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш яшаш учун хавфли ҳудудларга айланади. Шу билан бирга минтақанинг 4 фоиз аҳолиси махсус жиҳозларсиз яшаб бўлмайдиган иссиқ ва намлик шароитида ҳаёт кечиришига тўғри келади.
Time журналининг экспертлар фикрига таяниб ёзишича, юқори ҳарорат минтақадаги қишлоқ хўжалиги секторига таъсир қилиши сабаб иқтисодий кўрсаткичлар тушиб кетади. Бундан ташқари ҳароратнинг кўтарилиши инфратузилмага зарар келтириши мумкин.
«Биз маълум ҳароратни ҳисобга олган бутун бошли инфратузилмани яратдик. Агарда ҳарорат кўтарилса, унга қарши чора кўришимиз учун моддий имкониятларимиз бўлмайди», — дея Time журнали Сиракуза университети профессори Метью Хубер сўзларидан парча келтирди.
Изоҳ (0)