Эндиликда ўзбек киноижодкорлари халқаро ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳалар асносида фильмлар суратга олиб, уларни МДҲ давлатларининг кинопрокат тизимида намойиш этади. Бу ҳақда «Дарё»га Кинематографияни ривожлантириш маркази матбуот хизмати хабар берди.
22–28 июль кунлари Қозоғистон пойтахти Остонада Канн, Берлин, Венеция каби «А» тоифасидаги нуфузли кмнофестиваллар қатори Продюсерлик уюшмалари халқаро федерацияси (FIAPF) томонидан аккредитация қилинган Марказий Осиёдаги йирик кинофорум — «Евросиё» XIII халқаро кинофестивали бўлиб ўтди.
«Евросиё» тарихида биринчи марта ўтказилаётган Eurasia Film Market кинобозорида МДҲ, Шарқ (Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея) ва Ғарб (Европа давлатлари, АҚШ) мамлакатларидан фильмлар харидорлари, дистрибьюторлар, сотув ишлари бўйича агентлар ва фильмлар ҳуқуқ эгалари қатнашиб, улар иштирокида кинолойиҳалар питчинги, давра суҳбатлари, матбуот анжуманлари, маҳорат дарслари ва бошқа тадбирлар ташкил этилди.
Халқаро кинофестивалда Кинематографияни ривожлантириш маркази директори Ойбек Абдушукуров ҳам иштирок этди ҳамда Европа ва Осиё мамлакатларидан келган хорижий кинокомпаниялар вакиллари, дистрибьюторлар, агентлар ва фильмлар ҳуқуқ эгалари билан ўзаро манфаатли музокаралар олиб борди.
Жумладан, Ўзбекистон киносаноати вакили сифатида Ойбек Абдушукуров Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон ва бошқа бир қатор давлатлар кинематографияси вакиллари билан музокаралар ўтказди. Мазкур тадбирда томонлар кинематография соҳасида ҳамкорликни янада кучайтириш, қўшма лойиҳалар асосида фильмлар суратга олиш, ўзаро маданий-дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, хусусан, ягона прокат ҳудудини ташкил этиш каби масалаларда келишиб олди.
Остона шаҳрида бўлиб ўтган келишувда иштирок этган кинематография соҳаси вакилларининг яқин кунларда Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Ташрифдан асосий мақсад эса кинофестиваль доирасидаги келишувларни амалга ошириш, аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.
Изоҳ (0)