АҚШнинг Лонг-Айленд оролида уч ёшли эгизаклар онаси ухлаётган вақтда ўзларининг бир ой аввал сотиб олинган ҳовлисидаги бассейнда чўкиб кетди, деб ёзади Forum Daily.
Мелвиллда яшовчи Сю Аурилла эрталаб уйғониб, уйдан ўз ўғилларини топа олмади. Болалар барвақт уйғониб, ҳовлига чиқиб кетгани ва очиқ бассейнга тушгани онанинг хаёлига ҳам келмади.
У деразадан қараб, ўғилларидан бирининг жасади сув юзасида қалқиб турганини кўриб қолди, ўзини ташқарига отиб, қутқарувчиларни чақирди ва ўғлига сунъий нафас беришга уринди.
Етиб келган полициячилар ва тез ёрдам ходимлари бассейн тубидан иккинчи боланинг жасадини ҳам чиқариб олди. Иккала бола ҳам оғир аҳволда касалхонага етказилди, аммо уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш иложи бўлмади.
Аёлнинг беш ёшли катта ўғли жабрланмади.
Полиция воқеани бахтсиз ҳодиса сифатида текширмоқда.
Изоҳ (0)