Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фармонига кўра, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази лойиҳа илмий раҳбари Анис Алавий «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвони билан тақдирланди. Бу ҳақда «Дарё»га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Анис Лутфуллаевичга ушбу унвон мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, соҳага оид ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, замонавий даволаш усулларини амалиётга кенг жорий этиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги катта хизматлари, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун ҳамда таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан тақдим этилди.
Анис Алавий — таниқли фан арбоби, терапевт, кардиолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон терапевтлар ассоциациясининг раиси. У юқори малакали клиникачи, иқтидорли олим, истеъдодли педагог ва моҳир ташкилотчи сифатида терапия ва кардиология соҳасининг Ўзбекистондаги ривожи учун муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг раҳбарлигида 22 нафар фан доктори, 52 нафар фан номзоди етишиб чиқди.
Профессор шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида бўлим ходимлари билан биргаликда ўткир миокард инфарктини ташхислаш, даволаш йўлларини такомиллаштириш бўйича коронароангиография ва агиопластика усулларини кенг йўлга қўйган.
Изоҳ (0)