Кўпсонли дизайнерлик лойиҳаларининг таъкидлашича, ҳатто кичикроқ хоналар ҳам шинам кўриниши мумкин экан. Уни яшаш учун қулай ҳолатга келтириш учун бир неча оддий тавсияларга амал қилишнинг ўзи кифоя қилади.
Деворлар. Оч ранглардан фойдаланинг. Қорамтир юзалар кенгликни билинтирмайди, оч рангли юзалар эса аксинча хонага ёруғлик ва муҳташамлик қўшади. Агар сиз деворлар учун обой танламоқчи бўлсангиз, бир хил тусли ёки майда гулли обойларни танлашингиз мумкин.
Шип. Оқ ёки оч жигарранг, ёруғлик акс этиб турувчи бироз жилоли юзаларга эътибор беринг. Қора, тўқ кўк, қизил ва бошқа агрессив ранглардан воз кечинг.
Пол. Хона узунроқ кўриниши учун қопламалар расмини узунасига қилиб жойлаштирган маъқул. Агар унинг кенгроқ кўринишини хоҳласангиз ламинатни кўндаланг қўйинг. Рангига келганда эса, дубнинг ҳамма тусларини танлашингиз мумкин.
Пардалар. Оғир пардаларнинг ўрнига енгил ва ярим шаффоф пардаларни танлаганингиз маъқул.
Қандиллар. Битта катта қандилнинг ўрнига ихчам анжомлардан фойдалансангиз мақсадга мувофиқ бўлар эди. Хоналарнинг энг қоронғу жойларини ёритишга ҳаракат қилинг.
Мебель. Юмшоқ мебелларнинг ихчам моделларини танланг, чунки ҳатто кенгроқ хоналарга қўйилган катта мебеллар ҳам кенгликни камайтириб кўрсатади.
Жузъий қисмлар. Хоналарни майда-чуйдалар, сувенирлар, юмшоқ ўйинчоқлар, эски китоблар, дисклар ва гуллар билан тўлдириб ташламанг. Бундай тўпламларни мунтазам равишда кўрикдан ўтказиб туринг ва кераксиз нарсаларни ташлаб юборинг.
Изоҳ (0)