13 июль куни Алишер Навоий номли киносаройда Dilshoh Media кинокомпанияси томонидан комедия жанрида суратга олинган «Аҳмадбой ва Раҳматбой» номли фильм премьераси бўлиб ўтади. Фильмнинг трейлери интернетга чиқарилган бўлиб, унда Маъмурбек Холмедовнинг қаҳрамони фильм бош рол ижрочиси (Аҳмадбой) Муҳаммадисо Абдулхайировга қарата: «Жигарингни сотиб, пулларимни қайтариб оламан!», дея дўқ ураётганидан, картина фирибгарлик ҳақида эканини тахмин қилиш мумкин.
Фильм тақдимоти арафасида журналист Феруз Муҳаммад кинокомпания раҳбари ва фильм продюсери Маҳмуд Эркабоев билан қисқача суҳбат уюштирди.
— «Аҳмадбой ва Раҳматбой» комедияси молиявий пирамида қуриб, қўлга тушган чинозлик Аҳмадбой ҳақидами?— Буни фильмни томоша қилганингиздан сўнг билиб оласиз.
— Сиз ҳақингизда: «Фильм продюсери Аҳмадбойга катта пул бериб куйганлардан, шу сабаб шу ном билан фильм суратга олди», қабилида гаплар юрибди. Бу гаплар қанчалар ҳақиқат?— Биз ўз шахсий ҳаётимизда рўй берган воқеаларни эмас, балки халқ ичида содир бўлаётган ҳодисалар асосида фильм ишлаймиз. Мақсадимиз — фирибгарликдан, ёмон йўлга киришдан огоҳлантириш. Бу фильмни кўрган томошабинлар ҳам мазза қилиб дам олсин, ҳам алданиб қолмаслик учун янада огоҳ бўлсин. Чинозлик Аҳмадбойга ҳеч қандай алоқам йўқ. Фильм ғояси Давлатбек Йўлдошев ва Ғайрат Боймирзаевдан чиққан. Фильм ғояси ҳақиқатан ҳам бўлгани учун Байрам Айтмуротов шу мавзуда сценарий ёзиб берди, унга Журъат Сотиболдиев ва Саидпўлат Ҳакимов режиссёрлик қилди. Суратга олиш ишлари қишнинг энг совуқ кунида бошланган бўлса, премьераси ёз чилласига тўғри келмоқда.
— Аҳмадбой роли учун нега айнан Муҳаммадисо Абдулхайиров танланган?— Комик актёр деганда чет эллик актёрлардан Мистер Бин, Жим Керри кабилар кўз олдимизда намоён бўлади. Менимча, бугунги кун ўзбек киносида Муҳаммадисо Абдулхайиров комик роллар қироли ҳисобланади. Бу актёр ишга аниқ ёндашиши, ижодий жамоанинг вақтини ўғирламай, келишилган вақтда ўз ишини бажариб кетиши сабабли ҳам бош ролга айнан уни муносиб, деб топганмиз.
Изоҳ (0)