Норвегиялик таниқли режиссёр Эрик Поппе Андерс Брейвик 2011 йил 22 июлда мамлакатда амалга оширган ва 77 кишининг умрига зомин бўлган терактлар ҳақида бадиий фильм олади. У манба тўплаш, гувоҳлар билан суҳбатлашишга икки йил вақт сарфлади ва яқин орада актёрлар танловига киришади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Режиссёрга кўра, бадиий ёндашув ҳар қандай ҳужжатли фильмга қараганда терактлар ҳақида ишончлироқ ва самимийроқ ҳикоя қилиш имконини беради. У Утёйа оролида рўй берган воқеаларни у ерда бўлган ўсмир қиз мисолида кўрсатиб бериш ниятида. Ролларни эса кам танилган ёки профессионал бўлмаган актёрлар ижро этади.
Поппенинг режаси бўйича фильмнинг 72 дақиқаси (Брейвик оролда полиция томонидан қўлга олингунча шунча вақт ўтган) оролда содир бўлган воқеаларга, дастлабки 12 дақиқаси эса Ослодаги ҳукумат даҳасида амалга оширилган портлашларга бағишланади.
Маълумот учун, Эрик Поппенинг охирги фильми 2016 йилда суратга олинган «Қирол танлови» ҳарбий драмаси бўлиб, «Энг яхши хорижий фильм» тоифасида «Оскар» мукофотига илгари сурилганди.
Изоҳ (0)