Конфедерациялар кубогидаги хатоси учун чилилик ҳимоячи мухлислардан йиғлаб узр сўради
Германиянинг ғалабаси билан якунига етган Конфедерациялар кубогидан сўнг чилилик ҳимоячи ўз мухлисларидан йиғлаб узр сўради, деб ёзди «Sports.ru».
Ҳал қилувчи ўйинда «Сельта» клубининг 30 ёшли ҳимоячиси Марсело Диас жарима майдончаси яқинида тойиб кетди. Унинг бу хатосидан фойдаланган Тимо Вернер тўпни олиб қўйди, ҳужум Ларс Штиндлнинг голи билан якун топди ва кубок Германияга кетди.
Чили терма жамоаси бош мураббийи Хуан Антонио Пицци ва жамоа етакчиси Артуро Видаль ўйиндан кейин Диаснинг ёнини олиб чиқишди.
Ҳозир ҳамма хафа, Диас эса барчадан кўра кўпроқ хафа. Биз унинг шундай ўйнашда давом этишини истаймиз. Марсело каби футболчилар туфайли финалга қадар етиб келдик. У бизнинг етакчи, ҳужумларни ҳам айнан Диас бошлайди. Хатолар футболда бўлиб туради.Хуан Антонио Пицци, Чили бош мураббийи
Бир неча кун ўтиб, Марсело Диас Instagram саҳифасида мухлисларга мурожаат қилди.
Майдон ёки бошқа нарсани сабаб қилмоқчи эмасман, бу фақатгина менинг хатойим эди. Жамоа яхши ўйнади, аммо қилган хатойим туфайли мағлуб бўлдик.
14 йил олдин энг оғир зарбани ҳис қилганман, ўшанда акам вафот этганди. Энди футболчиликда худди шундай зарбани қабул қилдим. Футбол ўша машъум воқеадаги оғриқни бермайди деб доим айтганман. Бироқ нотўғри ўйлаган эканман.
Мен ўрнимдан туриб курашишда давом этишим керак. Ҳаёт — кучлилар учун. Ўйлашимча, мен улардан бириман.
Изоҳ (0)