Қатар пойтахти Доҳа 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Three Nations Tournament мусобақасига мезбонлик қилмоқда. Унда тўрт терма ўзаро кураш олиб бориши керак эди. Бироқ Иордания Қатарга ташриф буюра олмади.
Айни пайтда мезбон Қатардан ташқари Ўзбекистон ва Қирғизистон термалари турнирда иштирок этмоқда. Унинг биринчи ўйинида Қатар ва Қирғизистон U22 термалари ўзаро дуранг ўйнаганди. Кейинги икки беллашувда Равшан Ҳайдаров мураббийлик қилаётган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 6 очко ишлашга муваффақ бўлди.
Дастлаб Қирғизистон термаси, кейинроқ Қатар 1:0 ҳисобида мағлуб этилди. Қирғизистонга қарши беллашувда Ўзбекистон терма жамоасига ғалаба келтирган гол 91-дақиқада Забиҳулло Ўринбоев томонидан урилди. ЎФФ вакили Шерзод Игамбердиевнинг қайд этишича, «Олмалиқ» сафида ҳаракат қилаётган Ўринбоев сўнгги 5 учрашувда 6 та гол уришга муваффақ бўлди. Бунга қадар у Қатар постига уч марта йўл топган бўлса, кейинроқ Россия, Хитой ва Қирғизистон термаларига гол урди.
ЎФФ расмий сайти маълумотига кўра, мезбон Қатар мағлуб этилган ўйинда Андрей Сидиров 15-дақиқада ўз номини таблога ёздириб қўйган.
Регламентга кўра, турнирда иштирок этаётган уч терма жамоа яна бир мартадан ўзаро ўйнаб чиқади.
Маълумот учун, Равшан Ҳайдаров шогирдлари июль ойининг экваторида Осиё чемпионатига саралаш турнирида иштирок этади.
Изоҳ (0)