Исроил собиқ бош вазири Эхуд Ольмерт 2 июль, якшанба куни муддатидан аввал қамоқхонадан озод этилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Коррупцияда айбланган Ольмерт суд томонидан 27 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. У мазкур муддатнинг 16,5 ойини ўтади. Энди 71 ёшли собиқ бош вазир ойига икки бор полицияда қайддан ўтиши ва волонтёрлик ташкилотлари фаолиятида иштирок этиши лозим.
Исроил қамоқхоналар бошқармаси шартли-муддатидан аввал озод қилиш комиссияси 29 июнь куни Эхуд Ольмертнинг 2016 йил 15 февралдан бери бўлиб турган «Маасиягу» қамоқхонасидан муддатидан олдин чиқариш тўғрисидаги илтимосини қондирди.
Маълумот учун, яҳудий давлатининг саноқ бўйича 12-бош вазири Исроил тарихида панжара ортига йўл олган биринчи ҳукумат раҳбари бўлди.
Изоҳ (0)