Ширакайф аёл Бразилия президенти Мишел Темернинг қароргоҳи — Жабуру саройига кириб борди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
«1 июль куни тунги соат 3:00 атрофида маст ҳолатда бўлгани тахмин қилинган аёл Жабуру саройини ўраб турган деворни ошиб ўтди ва сарой ичида жойлашган автотураргоҳгача етиб борди», — дейилади матбуот хизмати хабарида. Президент Темер бу пайтда қароргоҳдаги хоналардан бирида бўлган.
Бинони қўриқлаётган ҳарбий хизматчилар осмонга қарата бир неча огоҳлантирувчи ўқ узди ва шундан сўнг аёлни қўлга олди. Унинг исми-шарифи ва бунга ундаган сабаблар ҳозирча маълум қилинмади.
Мазкур ҳодиса Бразилияда давлат раҳбари қароргоҳига киришга уриниш билан боғлиқ бир ой мобайнидаги учинчи ҳолат эканлиги билдирилмоқда.
Изоҳ (0)