Фарғонанинг «Нефтчи» ва Қаршининг «Насаф» клубларида тўп сурган, ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб қилинган дарвозабон Ғайрат Ҳасанов «Ўзбекистон» телеканалининг «Муносабат» кўрсатувида чиқиш қилди, деб ёзди «Championat.asia» нашри. Бунда дарвозабон Яйпандаги ташландиқ стадионни таъмирлаш истагида эканини билдирди.
«Футбол мактаби ва Фарғона давлат университети битирувчиси ҳисобланаман. Профессионал футбол билан шуғулланганман. Бунда керакли билим ва тажрибага эга бўлдим, маблағ йиғдим. Яйпан шаҳридаги Ўзбекистон туманида 70 йилларда қурилган стадион бор. Айни дамда у қаровсиз аҳволда», — деб сўз бошлаган собиқ дарвозабон.
«Юзлаб болалар ҳар куни шу ерда шуғлланади. Ҳокимиятга мурожаат қилиб, стадионни таъмирлаш учун 2 миллиард сўм инвестиция киритмоқчилигимни маълум қилдим. Бу маблағни футболчилик фаолиятим давомида тўплаганман, бунинг устига дўстларим ҳам бор. Келажакда мана бундай спорт мажмуасини яратмоқчиман».
«Ҳокимимизни олдига кирсак, кимсан, қаердан келдинг, маълумотинг қандай деб сўрамадилар. Фаолиятим давомида кўплаб мамлакатларга бордим ва у ердаги ареналардан андоза олдим. Мақсадим — болалар спортини ривожлантириш, уларнинг бўш вақтини самарали ўтказишни ташкил қилиш».
«Октябрь ойида Фарғона вилояти ҳокимининг сайёр қабулида бўлдим. У киши менга маблағни қаердан оласан деб сўрадилар. Ўз маблағларим эвазига ушбу ишни бажармоқчилигимни ва 30 дан ортиқ иш ўрни яратмоқчи эканлигимни айтдим. Чунки бу стадионга мураббийлар керак».
«10 йил ичида Осиё ёки жаҳон миқиёсида бирорта футболчи тарбиялай олсак, Ўзбекистон туманимизнинг иқтисодиётига катта ёрдам бўларди. Масалан, ўша футболчи йилига 3 миллион доллар топса, бу маблағ эвазига завод ёки фабрикалар қуриш мумкин. Бизнес бу фақат тикувчилик ёки савдо-сотиқ эмас. Болалар эса назоратсиз қолмайди», — деб сўзини якунлаган Ғайрат Ҳасанов.