Андижон шаҳридаги Мустақиллик шоҳ кўчасида 15 та кўп қаватли уй барпо этилмоқда. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ходими Муҳаммадсаид Фозилбеков «Дарё»га маълум қилди.
Кўчадаги биринчи — «Баркамол қурилиш саноати» компанияси томонидан қурилаётган, 3 та блокдан иборат уйнинг бешинчи қавати ғишти урилмоқда. «Андижон зиё нур» компанияси қураётган иккинчи кўп қаватли уйда эса 64 нафар ходим меҳнат қилмоқда, айни дамда бу ерда томни ёпишга ҳозирлик кўрилмоқда.
«Akfa» деразалари ўрнатилиб, сув, газ, электр энергияси ва оқова тизимлари монтаж қилинмоқда. 45 хонадонли мазкур уйнинг умумий лойиҳа қиймати 10,3 миллиард сўм.
Хабар беришларича, шоҳ кўчада барпо этилаётган барча уйларнинг биринчи қаватида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил қилинади. Олд қисмида гулзор ва яшил майдонлар яратилиб, манзарали дарахтлар экилади.
Орқа томонда эса ҳар бир уй учун алоҳида юқори қувватли электротрансформатор ўрнатилади. Шунингдек, болалар майдончалари, қозонхона ва автотураргоҳлар бунёд этилади.
Мустақиллик шоҳ кўчасидаги қурилиш ишларида «Мадад инвест», «Илғор бунёдкор шижоати», «Сапфир-2012» ва бошқа компанияларнинг қурувчилари ҳам меҳнат қилмоқда.
Изоҳ (0)