Ўзбекистон Ички ишлар вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов «Хавфсиз шаҳар» тизимини жорий этиш масалаларини муҳокама этиш учун мамлакатга келган Хитой аэрокоинот илмий-саноат корпорацияси (CASIC) делегацияси билан музокара олиб борди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Вазир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга ташрифи чоғида корпорацияда бўлиб, «Хавфсиз шаҳар» тизимининг тақдимот маросими билан қизиқиб қолганини эслатди. Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси ИИВ, хусусан, ИИВ ҳузуридаги республика «Қўриқлаш» бирлашмаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Тошкент шаҳар ИИББ мутахассислари «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастур комплексини татбиқ этиш борасида муайян тажрибага эга.
Абдусалом Азизовга кўра, пойтахтда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда жамоат хавфсизлиги даражасини ошириш йўлида дастлабки қадамлар қўйилди. Ушбу йўналишда вазирлик тизими мутахассислари Россия Федерацияси ҳамда Хитойнинг бошқа компаниялари мутахассислари билан ҳамкорлик қилган. Бироқ бугунги кунда айнан Хитой аэрокоинот илмий-саноат корпорацияси мутахассисларининг ишланмалари маъқул кўрилмоқда.
CASIC бош директори ўринбосари, делегация раҳбари Сун Син ишланмалар ва маҳсулотлар ҳақида ҳикоя қилди. Корпорация Ўзбекистон ИИВ билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув чоғида томонлар келгусида ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилди.
Изоҳ (0)