Хитойнинг Чэнду шаҳридаги (Сичуань провинцияси) катта пандаларни кўпайтириш тадқиқот марказида энг кекса урғочи бамбук айиқлардан бири ўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Бу йил Сусу лақабли панда 34 ёшга тўлганди. Бу инсон умрига қиёслаганда тахминан 104 йилга тенг ҳисобланади.
Охирги пайтларда айиқ юқори қон босими, қон юрак-томир тизими ва жигар хасталикларидан азият чекиб келаётганди. Шифокорларнинг уринишларига қарамай уни сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.
Сусу Чэндуга 1986 йили, ёввойи табиатда шикаст топган ҳолатда топилгандан сўнг олиб келинганди. Ўшанда пандани қутқаришга муваффақ бўлинган, бироқ бир кўзи кўрмай қолганди.
Изоҳ (0)