Тошкент—Самарқанд автомобиль йўли бўйлаб қатновчи ҳайдовчилар йўлнинг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги тоғли ҳудуддан ўтган қисми аянчли аҳволда эканлигидан шикоят қилди. Бу ҳақда «Дарё»га мобил мухбир Бахтиёр Лапасов маълум қилди.
«Бу йўл ўтган йили яхши хизмат қилиб турган эди, лекин уни бузишди. Бузилишга бузилди-ю, қайта қурилмади, шундайлигича қолиб кетди. Мана, бир йил бўлдики, жудаям аянчли аҳволда. Биз ҳайдовчилар кунига ўтиб-қайтамиз, кунига миллионлаб енгил ва юк машиналари мажбурликдан шу йўл орқали ҳаракатланмоқда», — деб ёзади мобил мухбир.
Унинг таъкидлашича, кўтарилиб борадиган йўлда кичик тезликда узоқ вақт ҳаракатланиш натижасида, автомобиллар қизиб кетмоқда ёки балонлари тешилиб йўлда қолиб кетмоқда, бунинг оқибатида эса узундан-узоқ тирбандлик юзага келмоқда.
«ЙПХ ходимлари ва мансабдор шахслар чангда юришни хоҳламайди ва қарама-қарши йўлдан юрмоқда, оддий ҳайдовчилар уларнинг ортидан ҳаракатланса, жудаям катта жарима солинмоқда. Хўш, нега бу йўл таъмирланмаяпти? Ва бу қачонгача давом этади?» — дея ўз гаплари тегишли идораларгача етиб боришига умид қилади мобил мухбир.
Изоҳ (0)