22 ёшли Брион Холлингс Жексонвилл шаҳридаги (АҚШ, Флорида штати) уйида полиция ходимлари томонидан ўтказилган махсус операция чоғида қўлга олинди. Бу пайт у Facebook Live’да тўғридан-тўғри трансляция олиб бораётган ва «ишлаб топган» пуллари билан мақтанаётган эди, дея ҳикоя қилади TJournal.
Видеода унинг бирданига қиёфаси ўзгаргани ва хонадан қочиб чиққанини кўриш мумкин. Орадан бироз вақт ўтиб кадрда полиция ходимлари пайдо бўлди.
Қўлга олиш чоғида Холлингснинг уйида кокаин, оксидон таблеткаси, тўппонча ва ва патронлар топилди. Полиция ҳисоботларига кўра, йигит шу пайтгача жиноий тарзда зарар етказиш, болалар устидан зўравонлик, шахсий мулк чегарасини бузиш ва икки бор наркотикларнинг ноқонуний айланмасида айбланган.
Ҳозирда Брион Холлингс ҳибсга олинган бўлиб, 3 ҳафтадан сўнг бўлиб ўтадиган судни кутмоқда.