Ярославль вилоятининг Рибинск шаҳрида хайр-эҳсон қилувчи номаълум шахс ўн ёшли Антон Давидов ҳисобига ўн миллион рубль ўтказди. Антон Юинг саркомасига чалинган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Мазкур маблағлар болага Германияга бориб даволаниш имкониятини беради.
«ВКонтакте» ижтимоий тармоғида Антон учун очилган гуруҳ бўлиб, унинг ҳикояси ҳаётига кутилмаганда саратон хасталиги кириб келган бошқа болаларникига ўхшайди. У қувноқ бола бўлиб спорт билан шуғулланар эди. 2017 йилнинг бошида Антон оёғидаги оғриққа шикоят қила бошлади, бироқ шифокорлар оғриқ сабабини аниқлай олмади. Қисқа вақт ичида боланинг аҳволи янада оғирлашиб, у мустақил ҳаракатлана олмай қолди.
Текширувлардан сўнг унда Юинг саркомаси (қовурға билан қорин орасидаги суяк саратони) аниқланди.
Германияда даволаниш учун маблағ апрелда йиғила бошланди. Бунинг учун 12 миллионга яқин маблағ талаб этилиши эълон қилинди.
Изоҳ (0)