25 май куни Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида «Адабиётга эътибор — келажакка, маънавиятга эътибор» шиори остида Республика «Китоб байрами» ўз фаолиятини бошлади. «Китоб байрами»нинг бош очилиш маросими Тошкент шаҳрининг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу ижтимоий, маънавий-маърифий тадбир Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ва бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Унда 100 дан зиёд нашриёт ва матбаа корхоналари иштирок этмоқда.
26 май куни «Китоб байрами» доирасида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Фанлар академияси, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси ва «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган «Китоб — миллатнинг бебаҳо маданий ва маънавий мероси» мавзуида V илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур анжуманда ноширлик фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, тарихий асарларни нашрга тайёрлашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда ёшларда китобхонлик маданиятини шакллантиришда кутубхона ва ахборот-кутубхона муассасаларининг аҳамияти каби долзарб мавзулар муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, «Китоб байрами» 27 май кунига қадар давом этади.
Изоҳ (0)