Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Жаҳонга машҳур архитектор ва шаҳар дизайни бўйича консултант Ян Гэйл тўрт кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди. Хабар беришларича, даниялик меъморнинг ташрифи мамлакат раҳбариятининг топшириғига кўра ташкил этилган. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, жаноб Гэйл 17 май куни Тошкентда замонавий жаҳон архитектураси ҳақида меъморлар ва талабалар учун қисқа семинар ўтказган.

Foto: “Gazeta.uz”

Фото: «Gazeta.uz»

У Ўзбекистон пойтахтига келганига атиги бир кун бўлгани, бу муддат шаҳар ҳақида хулоса чиқариш учун етарли эмаслигини тан олди, шунга қарамай баъзи мулоҳазалари билан ўртоқлашди: «Шуни айтишим мумкинки, сизлар асфальтдан жуда кўп фойдаланяпсиз. Агар Тошкент мери бўлганимда эди, асфальтларни йўқотиб, кўчаларни жамоат маконларига айлантирардим», — деди Гэйл.

«Авваллари Тошкентда тирбандликлар жуда кам бўлганини менга айтишди. Шаҳар ҳокими Тошкентда автомобиллар сони ҳар йили 35 мингтага ошиб бораётгани ҳақидаги фактни маълум қилди. Сизни ишонтириб айтаманки, тирбандликлар даражаси бўйича жуда яқин вақт ичида Москвага етиб оласиз», — деди Гэйл.

Жаҳонга машҳур меъмор семинардан аввал Тошкет ҳокими Раҳмонбек Усмонов ҳамроҳлигида Ҳазрати Имом мажмуаси билан танишди, Темурийлар тарихи давлат музейи, Тошкент метроси ва «Қатағон қурбонлари хотираси» ёдгорлик мажмуасида бўлди. Ян Гэйлнинг қўшимча қилишича, агар ҳамкорликдаги фаолият учун зарур майдон топилса, у ва Тошкент маъмурияти ўртасида қандай ҳамкорликка эришилиши мумкинлиги кейинги кунлар давомида маълум бўлади.

Ким ўзи бу — Ян Гэйл?

Ян Гэйл 1936 йил Копенгагенда туғилган. 1960 йил Дания қироллик нафис санъат академиясини архитектура магистри даражаси билан тамомлаган. 1966 йили академиядан «жамоат жойлари шакллари ва улардан фойдаланишни ўрганиш» учун грант олган ва ҳали ҳам академияда дарс беради. 2000 йили ўзининг меъморлик бюроси — Геҳл Арчитеcцъга асос солган.

Foto: Sustainable Living Фестиваль

Фото: Сустаинабле Ливинг Фестиваль

У ўз фаолиятини автомобиллар ва бинолар одамларни шаҳарлардан сиқиб чиқаришга киришган даврда бошлаб, Жейн Жейкобс билан биргаликда урбанистикадаги гуманистик ёндашувга асос солган. У раҳбарлик қилаётган меъморлик бюроси Лондондан тортиб Сиднейгача бўлган ўнлаб мегаполисларга тавсиялар, маслаҳатлар берган. Бироқ Гэйлнинг бош ютуғи — она шаҳри Копенгагенни велосипедчилар ва пиёдалар шаҳрига айлантирганидир.

«Копенгагенлаштириш»

Копенгагенда ҳар куни 500 минг киши велосипеддан фойдаланади — бу шаҳар кўчаларидаги транспорт ҳаракатининг 36 фоизини ташкил этади. «Копенгагенлаштириш» эса шаҳарда велоҳаракатни ривожлантиришни англатади — Гэйл шаҳар марказига велосипед маданиятини татбиқ этиш мумкинлигини тушунтираётганида кўпинча «копенгагенлаштириш» атамасидан фойдаланади.

Копенгагеннинг 70 фоиз аҳолиси қишда ҳам велосипеддан воз кечмайди.

Копенгагеннинг 70 фоиз аҳолиси қишда ҳам велосипеддан воз кечмайди.
Фото: «Archi.ru»

Копенгаген нафақат велосипедлари ва велойўлаклари билан, балки фақат пиёдалар учун мўлжалланган катта ва кичик кўчалари билан машҳур. Европадаги энг узун — 1,5 километрлик пиёда-савдо ҳудуди ҳисобланган Стрёгет пиёдалар кўчаси айнан Гэйлнинг хизматлари маҳсулидир. Лекин бунга осонликча эришилмаган — меъмор «Жамоат жойлари. Жамоатчилик ҳаёти» номли китобида Копенгаген 40 йил ичида қандай қилиб автомобиллар маконидан пиёдалар шаҳрига айлангани ҳақида ҳикоя қилади.

Жаноб Гэйл Тошкент шаҳри раҳбарияти билан келишувга эриша олса, у таклиф қилган ўзгаришлар рўёбини 40 йил кутиш керак бўладими? У шаҳарда айнан нималарни ўзгартиради? Бу саволларга унинг бошқа шаҳарлардаги фаолияти орқали жавоб топиш мумкин — Ян Гэйл Тошкентдан аввал нафақат Лондон ёки Нью-Йоркда, балки МДҲнинг қатор бошқа шаҳарлари — Москва, Санкт-Петербург, Олмаотада, шунингдек, ўз вақтида собиқ Иттифоқ таркибида бўлган ва замонавий қиёфаси совет архитекторлари томонидан яратилган Болтиқбўйи мамлакатларида ишлаган.

«Аввал тадқиқот, кейин...»

«Агар мени Москвага таклиф қилишса, Лондонда ёки Нью-Йоркда қилган ишимни такрорлайман — ҳаммасини айнан тадқиқотдан бошлаш керак», — деган эди Ян Гэйл The Village нашрига берган интервьюсида. Аввалига шаҳарнинг турли қисмларидаги бир-бирига ўхшаш жамоат жойлари — 4-5 кўча, худди шунча майдон, бир жуфт кўприк ва хиёбонларни танлаб олиш керак. Сўнг улар қандай ташкил этилгани, қандай ишлаётгани ва одамлар бу жойлардан қандай фойдалаётганини диққат билан ўрганиб чиқиш керак.

«Лондонда атиги бешта кўчани тадқиқ этиш орқали бутун шаҳар ҳақида тасаввур ҳосил қилган эдик — муаммо ҳаммаёқда бир хил бўлади-да. Нью-Йоркда эса биздан марказий, энг гавжум кўчаларни тадқиқот этишни сўрашган — Бронкс ва Куинснинг кўчаларидаги одамлар сони Бродвейдагилардан ҳеч ҳам кам эмаслигини ўшанда аниқлаган эдик», — дейди Гэйл.

Олмаотадаги Панфилов кўчасининг жорий ҳолати.

Олмаотадаги Панфилов кўчасининг жорий ҳолати.
Фото: «Криша.кз»

Олмаотадаги Панфилов кўчасини ўзгартириш бўйича Ян Гэйл таклифи.

Олмаотадаги Панфилов кўчасини ўзгартириш бўйича Ян Гэйл таклифи.
Фото: «Криша.кз»

Тадқиқот қанча вақтни олади? Камида икки йил. Балки ундан ҳам кўпроқ. «Ҳар ҳолда, қиш ва ёздаги фарқли вазиятни ҳам ўрганмоқ зарур. Сўнг, лойиҳани якунлаш ва айнан шаҳарда нималарни ўзгартириб, яхшилаш зарурлиги ҳақидаги тавсияларни тайёрлаш учун яна бир йилча вақт керак бўлади. Охир-оқибат, бу ҳужжат шаҳар ривожи тўғри йўналишдан кетмоқдами-йўқми, шуни аниқлаш имконини берувчи ўзига хос йўл харитасига айланади», — дейди даниялик меъмор.

Автомобильларсиз шаҳар?

Москва учун худди шундай йўл харитасини тайёрлаш учун Геҳл Арчитеcц 18 ой вақт сарфлаган. Унда транспорт тизимининг мантиқий фаолияти ва хиёбонлар ривожидан тортиб, тротуар плиткаларидан шаҳарнинг бош майдонларидаги шовқин даражасигача ҳамма нарса ҳисобга олинган. Асосий урғу эса барибир «автомобилдан холи шаҳар» ғоясига қаратилган.

«Москвадаги кўплаб жамоат маконлари одамлар эмас, балки транспорт эҳтиёжларига хизмат қилади. Мен пиёдаларга Москвадагидек ёмон муносабатда бўлинадиган, фақат автомобиллар ҳаракати ҳақида қайғуриладиган шаҳарларни кам кўрганман», — деганди Ян Гэйл. Ва шаҳарни машиналардан «тозалаш» бўйича таклифларни ҳам билдирган.

«Кўчалардаги машиналарни камайтиришнинг бешгами яқин йўли бор, холос. Шаҳарга кириш учун тўлов жорий қилиш; тўхтаб туришни тақиқлаш; тўхтаб туриш учун тўлов миқдорини ошириш; йўлларни торайтириш; ёнилғи нархини ошириш мумкин. Воситалар унчалик ҳам кўп эмас, масала ҳар бир шаҳар учун мос воситани танлай билишда», — дейди машҳур архитектор.

Таймс-сквер Геҳл Арчитеcц тавсиялари татбиқ этилишидан аввал.

Таймс-сквер Геҳл Арчитеcц тавсиялари татбиқ этилишидан аввал.
Фото: The Village

Таймс-сквер Геҳл Арчитеcц тавсиялари татбиқ этилганидан кейин.

Таймс-сквер Геҳл Арчитеcц тавсиялари татбиқ этилганидан кейин.
Фото: The Village

Шаҳарда автомобиллардан тўла қутулиб бўлмаслигини Ян Гэйл ҳам яхши билади. «Дўконларга товарларни олиб келиш керак, беморларни шифохонага етказиш керак. Мен фақат ҳар кунлик юриш учун автомобиллардан фойдаланиш — ўта аҳмоқона қарор эканини айтмоқчиман, холос. Ҳа, дам олиш кунлари рулга ўтириб, тоғга чиқиб келиш мумкин, бироқ ҳар куни шаҳар марказига автомобилда қатнашнинг нима кераги бор?», — дейди даниялик мутахассис.

Меъморнинг асосий ютуғи (эҳтимол, ягона «айби») — у нефтнинг охири кўриниб қолганини биринчилардан бўлиб кўрганлардан ва шу сабабли ҳам шаҳарларни келажакка имкон қадар тезроқ ва яхшироқ тайёрлаш тарафдори.

50 йилдан сўнг шаҳарлар қандай кўринишга эга бўлади?

«Аввал ҳам айтганимдек, автомобиллар шахсий транспорт воситаси мақомини йўқотади. Шаҳарлар одамлар ихтиёрига қайтади: яна пиёда юриб кўнгил ёзиш, бемалол сайр қилиш, велосипед учиш мумкин бўлади. Жамоат транспортининг, айниқса, метронинг тараққиёти ўз чўққисига чиқади. Ва бу ҳозиргисидан анча яхши, ростмана интеллектуал транспорт тизими бўлади. Велосипедлар эса шу тизимнинг бир бўлагига айланади», — дейди Ян Гэйл, келажак ҳақида фикр билдираркан.

Гэйлнинг фикрича, кўплаб мегаполислар нефть захиралари тугаб битганидан кейинги замонда қандай яшаши ҳақида ҳозир ўйлаб ҳам кўрмаяпти. «Масалан, 2050 йилда катта шаҳар атрофидаги йўлдош-шаҳарчаларнинг аҳволи қандай кечади? АҚШда шаҳар атрофидаги шаҳарчалар ҳозирдан ўлиб боряпти, чунки уларнинг бари арзон ёнилғи замонида қурилган, энди бўлса ҳар куни шаҳарга ва ундан шаҳарчага қайтиш жуда қимматга тушяпти. Охир-оқибат, шаҳар чеккаларига қашшоқлар жойлашяпти, нархи ўсиб бораётган бензин эса аввало уларга керак», — дейди Ян Гэйл.

Foto: The Village

Фото: The Village

Изоҳ
Асосий янгиликлар