Наманган вилоятида 15 май — Халқаро оила кунида 16 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи ва «Энг намунали оила» кўрик-танлови ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га Янгиқўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Чортоқ туманидаги «Ором» тантаналар мажмуаси Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларидан 5, Уйчи ва Учқўрғон туманларидан 3 жуфтдан келин-куёвнинг бахт тўйларига мезбонлик қилди. Тўкин дастурхон атрофида ёшларга бахт-иқбол, фаровон турмуш тилаклари билдирилди.
Ёшларга ётоқхона мебели тўплами, кир ювиш машинаси, бошдан-оёқ сарполари тақдим этилди. Келин-куёвларга никоҳ гувоҳномалари тантанали топширилди. Вилоятнинг таниқли санъаткорлари ёшлар хизматида бўлди.
Янгиқўрғондаги болалар ва ўсмирлар мусиқа мактабида туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан «Энг намунали оила» кўрик-танлови ўтказилди. Тадбирда тумандаги 5 оила тотув турмуш сирлари билан ўртоқлашди, турли шартлар бўйича беллашди.
Уларга туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари тақдим этилди. «Китобсевар оила», «Спортчи оила», «Ишбилармон оила» каби турли номинацияларда ҳомийларнинг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Изоҳ (0)