Россия ва чет эллик астрономлар ўта янги юлдузлар Ердан 50 ёруғлик йилига тенг масофада жойлашса, ҳайвонларнинг оммавий қирилиб кетишига сабаб бўлиши мумкинлигини аниқлади. Бу ҳақда Astrophysical Journal хабар бермоқда, деб ёзади «РИА Новости».
«Яқин вақтларгача ҳамкасбларимиз ўта янги юлдузларнинг ‘зарар етказиш радиуси’ 25 ёруғлик йилига тенг деб ҳисоблаб келган. Биз улар бир қатор омилларни ҳисобга олмаган деб ҳисоблаймиз ва аслида бу тахминан 50 ёруғлик йилига тенг. Яқинда ўта янги юлдузларнинг Ерга энг яқин жойлашган бўлаклари аслида аввал тахмин қилингандан икки марта яқинроқ жойлашганлиги аниқлангандан сўнг юқоридаги ҳисоб-китобларни амалга оширдик», — дея ҳикоя қилади Лоуренсдаги (АҚШ) Канзас университетидан Адриан Мелотт.
Дастлаб олимлар юлдузлар портлаши Ердан тахминан 300—600 ёруғлик йилига тенг масофада содир бўлган деб ҳисоблаб келган. Мелотт ва унинг ҳамкасблари бир йил аввал уларнинг Ердаги ҳаёт учун оқибатларини ҳисоблаб чиқди. Улар мазкур чақнашлар озон қатлами ёки сайёранинг бутун атмосферасини йўқ қила олмаган, бироқ эволюция суръатларини жадаллаштирган ва инсониятнинг пайдо бўлишига хизмат қилган бўлиши мумкин деган хулосага келди.
Изоҳ (0)