АҚШ Мудофаа вазирлиги беш йил давомида Американинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳарбий иштирокини кенгайтиришга 7,5 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфлаш режасини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Wall Street Journal’да эълон қилинган мақолада маълум қилинди, деб хабар берди «ТАСС».
Нашрнинг таъкидлашича, гап «ҳарбий инфраструктурани янгилаш, қўшимча ўқув машқларини ўтказиш, шунингдек, куч ва кемаларни жойлаштириш» ҳақида кетмоқда.
Аввалига ушбу режа Аризона штати сенатори, республикачи Жон Маккейн томонидан таклиф қилинган эди. Кейинроқ уни бошқа қонун чиқарувчилар, шунингдек, АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Мэттис ва АҚШ Қуролли кучларининг Тинч океани қўмондонлиги раҳбари Ҳарри Ҳаррис қўллаб-қувватлади.
Пентагон расмий вакили Гэри Росс ўз навбатида АҚШ Мудофаа вазирлиги Маккейн таклифини «моҳиятан қўллаб-қувватлаши»га ишора қилди.
АҚШ президенти Дональд Трамп май ойининг бошида федерал ҳукуматни 2017 йил 30 сентябрга қадар молиялаштириш ҳақидаги қонунни имзолаган эди. Ушбу молиявий йилнинг қолган даври учун умумий бюджет миқдори 1,1 триллион долларни ташкил этади. Мудофаа харажатларига 598,5 миллиард доллар ажратилган.
Изоҳ (0)