Бразилия федерал полицияси Парагвайда инкассаторлар талон-тарож қилинишига алоқадорликда гумон қилинаётган гуруҳ билан отишмага киришди. Улардан уч нафари ўлдирилди, қолганлари яширинишга улгурди, дея хабар беради «ТАСС».
Отишма Бразилиянинг Парагвай билан чегарадош Парана штатида рўй берди. Ўлдирилганлар ўзини «Пойтахтнинг биринчи қўмондонлиги» деб атайдиган жиноий гуруҳ аъзолари эканлиги билдирилмоқда.
24 апрель, душанба куни 40—50 кишидан иборат жиноий гуруҳ Парагвайдаги Сьюдад-дель-Эсте шаҳрида инкассация хизмати билан шуғулланувчи Prosegur компанияси бўлимига ҳужум уюштирди. Талончилар портловчи қурилма, снайпер винтовкалари, пулемётлар ва бошқа йирик калибрдаги қуролларга эга бўлган.
Бир полициячи уларнинг қурбони бўлди, Prosegur биносининг ярми вайрон бўлди. Гувоҳлар талончилар ўзаро португал тилида гаплашгани учун уларнинг қўшни Бразилиядан келганини тахмин қилди.
ОАВ талончилар 40 миллион долларни ўмаргани ҳақида маълум қилди, бироқ Prosegur мазкур маълумотни тасдиқламади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)