АҚШ Федерал суди Германиянинг Volkswagen автоконцернига нисбатан дизель ёқилғиси билан ҳаракатланувчи автомобилларининг зарарли чиқиндилари ҳақидаги маълумотларни сохталаштиргани учун 2,8 миллиард долларлик жарима белгилади. Бу ҳақда Financial Times нашрига таяниб, «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Маълумотларни сохталаштириш бўйича очилган жиноий иш натижасига кўра, Volkswagen жарималар тўлашидан ташқари, компанияга мустақил кузатувчи ҳам жалб этилади. У уч йил давомида концерн томонидан қонунларга риоя қилиниши ҳамда суд қарори ижроси устидан назоратни олиб боради.
Аввалроқ компания АҚШдаги бошқа фуқаролик ишлари бўйича 1,45 миллиард доллардан зиёд маблағга тенг жаримани ҳам тўлашга розилик билдирган эди.
2015 йил сентябрь ойида Америка ҳукумати Volkswagen’ни компаниянинг дизел билан ҳаракатланувчи автомобиллари чиқарадиган газлар ҳақидаги маълумотларни сохталаштирганликда айблаган ва натижада икки ўртада дизель можароси келиб чиққан эди.
Кейинроқ немис автоконцерни АҚШ ҳукуматини алдаш, фирибгарлик ва тоза ҳаво тўғрисидаги қонунни бузиш, судга қарши чиқиш ва импорт қоидаларини бузиш мақсадида тегишли шахслар билан тил бириктирганлигини тан олди.
Volkswagen’га мазкур можарони ҳал қилиш умумий ҳисобда 24 миллиард долларга тушди.
Изоҳ (0)