Монакода бўлиб ўтган Top Marques кўргазмасида Словакиянинг AeroMobil компанияси учар автомобиль птототипининг янгиланган версиясини тақдим этди. Шунингдек, фирманинг маълум қилишича, илк харидорлар 2020 йилда ўз машиналарини олиши мумкин, деб хабар берди «Мотор».
Аэромобил устида иш 25 йилдан ортиқроқ вақтдан бери давом этмоқда. Янгиланган прототипнинг узунлиги олти метр, эни эса қанотлари ёйилган ҳолда тўққиз метга тенг (автомобиль ҳолатида 2,2 метрга тенг).
Машина икки литрли оппозитли «тўртлик» билан жиҳозланган. У олдинги ўқдаги иккита электромоторга энергия ишлаб чиқаради (аэромобиль қуввати автомобилники каби 110 от кучига эга) ва винтнинг иши учун жавоб беради. Авиация режимида қувват 300 от кучигача чиқади.
Салон икки кишига мўлжалланган, максимал учиш оғирлиги 960 килограмм. Ҳаводаги тезлиги 260 километр соатгача чиқиши мумкин. 90 литрли бакда парвоз давомийлиги 750 километрга тенг. Аэромобиль оддий бензинда ҳаракатланади.
Аэромобиль йўлда тезлигини 160 километр соатгача чиқариши мумкин, «юзга» чиқиши учун 10 сония кифоя қилади. Соатига 130 километр тезликда парвозни амалга ошириш мумкин.
Компаниянинг таъкидлашича, машинанинг бутунлай парвоз ҳолатига ўтиши учун уч дақиқа етарли. Ердаги ҳаракатида йўловчилар хавфсизлигини хавфсизлик ёстиқчалари ва камарлар таъминлайди, ҳавода эса автоматик равишда парашют очилади.
Аэромобиль ишлаб чиқарувчилари ҳозирдан буюртма олмоқда, машина нархи 1,2—1,5 миллион еврога тенг.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)