ИШИД террорчилик ташкилоти Федерал хавфсизлик хизматининг Хабаровск ўлкаси бошқармаси қабулхонасига уюштирилган ҳужум бўйича жавобгарликни ўз бўйнига олди. Бу ҳақда террорчилар фаолиятини кузатиб борувчи SITE Intelligence Group ташкилотига таяниб, «Коммерсантъ» хабар берди.
Россия Тергов қўмитаси бўлиб ўтган ҳодисага ИШИДнинг алоқаси борлигига шубҳа қилмоқда. «Ҳозирда мавжуд тергов маълумотларига кўра, жиноят бошқа миллат вакилларига нафрат билан қаровчи неонацистик қарашлар тарафдори бўлган шахс томонидан содир этилган. Бироқ айни вақтда терговнинг ҳужум уюштирган шахс билан ИШИДнинг ўзаро алоқасини тасдиқловчи ҳеч қандай асоси йўқ», — дея маълум қилди қўмита расмий вакили Светлана Петренко.
21 апрель куни Россиянинг Хабаровск шаҳридаги Федерал хавфсизлик хизмати қабулхонасида номаълум шахс ходимлар ва ташриф буюрганларни ўққа тутиши оқибатида уч киши: идора ходими, ташрифчи ва босқинчининг ўзи ҳалок бўлди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)