21 апрель куни соат 12:00 да Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетининг 3-қават мажлислар залида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети «Рақамли оммавий ахборот воситалари» кафедрасининг «Ўзбекистон телерадиожурналистикаси тараққиёти ва трансформация жараёнлари» IV анъанавий Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га кафедра вакиллари маълум қилди.
Тадбирда ЎзМУ журналистика факультети ва бошқа олий ўқув юртларининг турдош факультетлари профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканаллар раҳбарлари ва амалиётчи журналистлар иштирок этди.
Анжамунда қуйидаги мавзулардаги маърузалар тингланди:
- аудиовизуал журналистиканинг замонавий масалалари ва таълим жараёнида педагогик технологияларни қўллаш;
- аудиовизуал журналистикада назарияси ва амалиёт тушунчасини ўзаро яқинлаштириш масалалари;
- аудиовизуал журналистика фанини ўқитиш муаммолари;
- аудиовизуал журналистика ва медиатаълим;
- аудиовизуал журналистика йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш масалалари.
Конференция дастуридан ўрин олган маърузалар орасидан энг яхшилари диплом билан тақдирланди. Анжуман доирасида илмий мақолалар тўплами нашр этилади.
Конференция доирасида кафедра аъзолари томонидан қуйидаги номинациялар белгиланди:
1. Долзарб мавзу
2. Энг яхши маъруза ва тақдимот
3. Энг яхши илмий таҳлил
4. Энг яхши нотиқ
Шунингдек, конференция иштирокчилари учун рағбатлантирувчи сертификатлар ҳам тақдим этилди.
Изоҳ (0)