Тошкентдаги «Ўзекспомарказ» кўргазмалар залида «Соғлиқни сақлаш – TIHE 2017» кўргазмаси бошланди, деб хабар беради ЎзА.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш, Ташқи савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, «Ўзфармсаноат» акциядорлик концерни, «Ўзтибтехника» МЧЖ, Стоматологлар уюшмаси ва ITE Uzbekistan халқаро кўргазма компанияси томонидан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазманинг очилишида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Б.Отахонов сўзга чиқди.
Кўргазмада 18 мамлакатдан 200 дан ортиқ компания иштирок этмоқда. Беларусь, Германия, Ҳиндистон, Хитой, Голландия, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Польша, Россия, АҚШ, Туркия, Украина, Чехия, Швейцария, Эстония, Жанубий Корея, Япониянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
Уларнинг орасида маҳсулотларининг сифати ва самарадорлиги бўйича дунёда ном қозонган Samsung, Heinemann, Mindray, BTL, Chison каби компаниялар бор.
Тиббиёт техникаси ва ускуналари, фармацевтика маҳсулотлари, хом ашё ва технологиялар, стоматология ускуналари ҳамда эстетик тиббиётга оид стендларни қамраб олган кўргазмада касалликларга аниқ ва чуқур ташхис қўйиш, жарроҳлик муолажаларини замонавий усулларда бажаришга ихтисослашган юқори технологиялардан тортиб лаборатория-таҳлил соҳасида яратилган янги ишланмалар, неонатология, скрининг хизмати, педиатрияга оид ихтиролар, фармсаноат ютуқлари кенг намойиш этилмоқда.
Кўргазма доирасида лаборатория ва диагностика соҳасида қўлланилаётган янги технологиялардан фойдаланишнинг самарали усулларига оид илмий-амалий семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)