Аргентина миллий терма жамоасининг Лионель Мессидан кейинги ўринбосари сифатида кўрилаётган Пауло Дибалани энди бутун дунёда танишади. Балки Италия футболи ким учундир қизиқ эмасдир. Бироқ «Барселона»ни йирик ҳисобда мағлуб этадиган клуб ва юлдузли таркиб аъзоларини бемалол алдаб ўтиб, 2 та гол ура оладиган иқтидорнинг борлиги — мана шундай кишиларни-да шошириб қўйди.
«Sports.ru» нашри 2016 йил Денис Романцов томонидан ёзилган Пауло Дибала ҳақидаги сценарийни «Барселона»га қарши ўйин якунига етиши билан чоп этди. Аргентиналик иқтидорнинг катта футболга қандай кириб келганини билишни истаган мухлисларга мана шу ҳикояни ўзбекча талқинда тақдим этишни лозим топдик.
Мазкур ҳикояда чиқиш қиладиган қаҳрамонлар билан олдиндан танишиб олиш зарар қилмайди.
Бош ролда — Пауло Дибала
Унинг отаси — Адольфо Дибала
Онаси — Алисия Дибала
Турса Сантос — «Институто» клубининг асосий скаути
Омар Пейрон — Пауло Дибаланинг агенти
Хуан Карлос Баррера — «Институто» президенти
Хосе Тео — «Институто» клуби техник директори
Мартин Хаймес — «Институто»нинг ашаддий мухлиси
Густаво Маскарди — бизнесмен
Маурицио Дзампарини — «Палермо» хўжайини
1-қисм
2012 йилнинг бошлари. Аргентинанинг Кордова шаҳри аҳолиси «Институто» ўйинини томоша қилиб, «Президент Перон» стадионидан оқиб чиқаётганди. 1978 йил Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Осси Ардилес ва Марио Кемпеса футболга мана шу клуб орқали кириб келганини айтмаса, уни жуда машҳур деб бўлмасди.Мухлислар орасида ўрта бўйли, қора сочли бир йигит футболчиларнинг стадиондан чиқиб келишига мунтазир турибди. Буэнос-Айресда сартарошлик қилувчи бу йигитнинг исми Мартин Хаймес. Қўллари татиуровка билан қопланган Мартин ҳар якшанба катта шаҳарни кесиб ўтишдан эринмайди ва иккинчи дивизионнинг оддий бир клуби бўлмиш «Институто» ўйинларини умуман қолдирмайди. Севимли клуб футболчилари бежаб ташлаган қўлнинг қандайдир очиқ қисмига у бугун яна битта имзо туширади. Шунинг илинжида Мартин Хаймес қора ручкани ушлаганича Пауло Дибалани кутиб турибди.
— Нима, шу ернинг ўзидами? — ажабланди Пауло ручка қопқочасини очар экан.— Ҳа, бугун кечки пайт сенинг эсдалигингни татиуровкага айлантираман.
Пауло буни шунчаки ҳазил деб ўйлади ва кулгунича уни бекатда интиқиб кутаётган акаси Мариано ҳамда жиянчаси Лаутаронинг ёнига шошилди. 13 ёшли футболчи Лаутаро амакисининг сумкасидаги бутсаларга термулишни сабрсизлик билан кутиб турганди. Пауло сумкасини очиб, ундан бинафшаранг бутсаларни чиқарди. Унинг ўнг пойига оила бошчиси Адольфонинг, чап пойига эса унинг рафиқаси — Паулони дунёга келтирган Алисиянинг исми битиб қўйилганди. Бу яқиндагина Nike билан тузилган уч миллион долларлик шартноманинг кичик бир маҳсули эди.
Дибаланинг имзосини елкасига тушириб олган Мартин Хаймес эса «Кундан кунга» деб номланувчи маҳаллий нашр мухбирининг таъқибида қолди.
— Сиз чиндан ҳам Пауло номини танангизга муҳрламоқчимисиз?— Албатта! Бу менинг унга миннатдорчилигим рамзидир. Фақатгина у сабабли бутун Аргентина бугун «Институто» ҳақида гапирмоқда. Мен унинг барча ўйинларини кузатиб бораман, ҳатто июль ойида бўлиб ўтган ўртоқлик ўйинини ҳам қўйиб юбормагандим. Ўшанда Пауло бошқа бир футболкада майдонга тушган, чунки ҳали профессионал шартномасини тузиб ҳам улгурмаганди. Кейин эса Мигель Фернандесдаги дисквалификация сабаб чемпионатнинг биринчи ўйинидаёқ унинг ўрнига асосий таркибга кирди. Ҳаммаси учун бор-йўғи ярим йилгина вақт керак бўлди.
Мариано укасини машинага ўтказиб, онасининг ёнига олиб кетди. Алисия ўйинларни стадионда томоша қилса, қаттиқ ҳаяжонланарди. Шу сабабли у Пауло иштирокидаги футболларни телевизор орқали кўришга мажбур бўлиб келаётганди.
Футболчи ўғил уйига келганида сумкасида янги бутсалардан ташқари бир ҳафтадан буён ювилмаётган кир кийимлари ҳам ғижим бўлиб ётганди. У «Институто»нинг ёш футболчилари учун мўлжалланган пансионатда истиқомат қилар, дам олиш кунларида эса кир-чирларини ювиш учун уйига келарди. Укасини мана шу паллада кўрадиган Мариано йўлда футбол агенти Омардан хабар бор ёки йўқлигига қизиқиб кўрди. Паулога трасфер ва унинг атрофидаги маш-машалар умуман ёқмасди. Унинг фикр-у хаёли кўпроқ гол уриш билан банд эди. Аммо Кордовадан уйи жойлашган Лагуна Ларгага қадар 50 километрлар йўл борлиги инобатга олинса, у акасига агентнинг барча гапларини айтиб беришга бемалол улгурганди.
«Интер» билан музокаралар боши берк кўчага кириб қолган. Кейинроқ Дибала учун «Наполи» ва «Милан» вариантлари пайдо бўлди, бироқ улар трансфер ойнаси қоидалари билан боғлиқ масалалар тўла ечим топишини кутиб турганди. «Барселона» эса хулосасини берганича йўқ. Маълум томони шуки, каталонияликларнинг Жанубий Америкадаги агенти Урбано Ортега Дибалани кўриш учун етиб келган ва унинг ўн иккинчи ўйиндаги саккизинчи голини ўз кўзи билан томоша қилганди. Англияга қарашли Pencilhill компанияси номидан Дибаланинг трансфер ҳуқуқини сотиб олган Густаво Маскарди эса «Малага» ва «Палермо» клублари билан алоқага чиқиб улгурганди.
Ака-ука Дибалалар етиб келган бекат ёнида уларнинг отаси очган букмекерлик кантораси жойлашганди, шундан юз метрлар узоқликдаги уйда эса Паулонинг ёшлиги ўтган. Ҳар сафар бўлгани каби, кечки овқат вақтида Алисия турмуш ўртоғи ва Паулонинг болалигини ёдга олар, футболчи ўғли унинг ҳикояларини бир неча бор эшитган бўлса-да, улардаги деталларга қадар Паулога бирма-бир эслатиб чиқишдан чарчамасди.
Алисиянинг оиласи маҳаллий «Ньюэллс» клубига мухлислик қилар, Адольфо эса шу клубнинг ашаддий рақиби бўлган «Спортиво»нинг «Тўнғиз» лақаби билан машҳур таянч ярим ҳимоячиси эди. Шунга қарамай, Адольфо ва Алисия бир-бирига кўнгил қўйди, бахтиёр йигит «Ньюэллс» клуби сафига ўтди, аёли эса ундан уч ўғил фарзанд кўрди.
Пауло аввалига Лагуна Ларгада жойлашган ва юк машиналарининг шиналари билан ўралган стадиончада, Себастьян Баррионуэва қўл остида футбол ўйнади. Кейин эса сих ҳам, кабоб ҳам куймасин дегандек, аввалига «Ньюэллс» футбол мактабида уч йил, «Спортиво» мактабида эса 1 йил тўп сурди. Ҳозир у футболга кириб келган Лагуна Ларгадаги стадионча ўрнида «Болалар шаҳри» деб ном олган парк қурилган.
— Эслайсанми, Мариано, Пауло уч ёшлигида уни руҳонийга ўхшатишарди — мазза қилиб куларди Алисия. — Ҳаммага бир хил ўлчамдаги футболкалар берилса, Паулоники роҳибларники каби тиззасигача осилиб турарди.— Ҳа, у ҳафа бўларди. Кейин эса бир неча сантиметр ўсиб, ўзини катта ҳисоблай бошлади ва футболдан безиб, баскетболга ўтиб кетди. Бир неча кундан кейин эса фикрини ўзгартириб, футболга қайтиб келди, — деб онасининг фикрини давом эттирди Мариано.
Оилавий хотиралардан кейин мавзу «Институто» клуби президенти Хуан Карлос Барреранинг ўғилларидан бирига кўчди. Айтишларича, бир неча ой олдин Дибаланинг иқтисодий масалалардаги ҳуқуқини уч миллион еврога сотиб олган Густаво Маскардини қамоққа олишганди.
2-қисм
2003 йил. Лагуна Ларга шаҳрида жойлашган Hipolito Yrigoyen кўчаси, La Favorita букмекерлик контораси.— Мен ўн дақиқада қайтаман. Кассага ҳушёр бўлиб тур. Пештахта сенга кўриниши учун стул устига чиқиб ол. — Шундай деб, Адольфо кичик ўғлини конторада қолдирди.
Ўн ёшли Пауло бош чайқаганча, букмекерлик конторасида вақтинчалик «раҳбар» бўлиб қолди. У отасининг келишини бир неча дақиқа пойлади, кейин эса севимли жамоаси «Бока Хуниорс» ҳужумчиси Карлос Тевеснинг Либертадорес кубогида Чилининг «Кабреола» жамоасига гол уриши учун, йиғиб қўйган икки песосини тикди. Отасига қайтиб келиб ундан кимдир келган ёки йўқлигини сўраганида, Пауло «Йўқ, ҳаммаси жойида, дада» деб жавоб берди.
Адольфо Дибала хонадонида эртаси кунги кечки овқат Либертадорес кубогининг чорак финал баҳси билан бошланди. Ўйинни Пауло отаси, онаси, акаси Мариано билан томоша қилди. Яна бир акаси Густаво эса расм чизиш учун ўз хонасига йўл олди. Густаво — изланувчан рассом эди. Ўйиннинг 15-дақиқасига келиб Пауло хонада кенгуру каби сакрай бошлади. Шарҳловчи Мариано Клосс ярим дақиқа «гол» деб қичқирар, экранда эса Марсело Делгадо ва Роландо Скияви Тевесни қучоқлаб қутлашарди.
— Ота, мен 30 песо ютдим!— Бу нима бемаънилик, Паулито?— Кеча чиқиб кетганингизда мен Тевеснинг биринчи бўлимда гол уришига пул тикдим. Демак, мен унчалик омадсиз эмасман.
Шундан кейин суҳбатга онаси Алисия аралашди:
— Ким сени омадсиз деб айтди?— Мени «Ньюэллс Олд Бойс»га қабул қилишмаганида, дадам шундай деганди.— Йўқ, мен шунчаки «бугун сенинг кунинг эмас» дегандим. Дарвоқе, мен «Институто» мураббийлари билан келишиб қўйдим. Улар сени келаси ҳафта синаб кўради.— Менинг 30 песомга «Бока»нинг формасини олиб берасизми?
Орадан олти кун ўтиб, La Augustina спорт мажмуаси олдига қора Opel Vectra келиб тўхтади. Унинг рулида Адольфо Дибала, ёнида эса тўқ кўк-сариқ чизиқли форма кийиб олган кичик Пауло ўтирарди.
Футбол майдони яқинида улар қуёшдан сарғайиб кетган шапка кийиб олган Турс Сантосни учратишади. Санстос Диего Климович, Хуан Мансегес, Сильвио Ромеро каби ўйинчиларни кашф қилгани билан Кордовада анча таниқли эди. Сантос Паулога тўпни ирғитди ва йигитчанинг у билан муомаласини кузатди. Ўн дақиқа ўтгач, Адольфога юзланди.
— Биз уни жамоага оламиз. Фақат базада ҳозирча бўш жой йўқ. Сиз уни ҳар куни эрталаб олиб келоласизми?— Муаммосиз.
Ўзидан хурсанд Пауло катталарга хос югуриб, омадга эришиш учун тўп билан муомала қилишга киришиб кетди.
— Болакай, қойил сенга! Лекин сен энди бу ерга «Бока Хуниорс» формасисиз кела оласанми?
2011 йилнинг август ойи. 17 ёшли Дибала «Инсититуто»даги иккинчи ўйинида гол урди. «Алдосиви»га қарши ўйин 2:2 ҳисобида якунланди. Ҳуштакдан кейиноқ ҳамма икки йилдан буён академия базасида яшаётган, асосий таркибга эса ҳужумчи Фернандонинг дисквалификацияси туфайлигина кириб қолган Пауло Дибалани қутлашга ошиқди. Табриклар тезда тасаллига айланди. Пауло «Ньюэллс Олд Бойс»га қабул қилинмагани 8 ёшида ҳам бунчалик йиғламаганди. Қизиғи, бу бахт кўз ёшлари эмасди.
Мураббий Дарио Франко Паулонинг қулоғига пичирлади:
— Ҳей, нима бўлди, гап нимада? Аҳир сен бугун энг яхши бўлдинг?!
Пауло бошини чайқади-ю, ҳеч нарсани тушунтирмади. Кийим алмаштириш хонасидан чиқишда энди уни журналистлар сўроққа тутди:
— Нима учун ўйиндан кейин йиғладинг?— Дадам ўғилларининг футболчи бўлишини орзу қилганди. Мен эса унинг энг сўнгги умиди эдим. Бу клубга мени айнан отам олиб келди, хет-трик қилган вақтимда ҳам танбеҳ бериб турди. Аммо катта футболдаги илк голимни кўриш унга насиб этмади. Икки йил аввал у ошқозон ости бези саратонидан вафот этди. Кечирасиз... Мен кетдим…
Ҳозир Дибаланинг кўчасида ўзидан бир неча ёш кичик болалар уни ўраб олиб, дастхат сўрашади.
3-қисм
2011 йил, октябрь. «Институто» офисидаги кичикроқ хонада клуб кенгашининг йиғилши. Унга 40 дан ортиқ киши аъзо эди. Хонада эса иккитагина стол ва 15 тача стул бор. Одам зич, кўпчилик тик оёқда. Биринчи бўлиб «Институто» президенти Хуан Карлос Баррера нутқ сўзлади.— Омон қолиш учун клубга 21 миллион песо керак. Британияга қарашли Pencilhill бизнес-гуруҳи Буэнос-Айресдаги вакили Густаво Маскарди орқали Дибала учун бизга бу суммани таклиф қилмоқда. Раҳбарият таклифни қабул қилиш керак деб ҳисоблайди.— Ҳамманинг номидан гапирманг, — деб гапни бўлди техник директор Хосе Тео. — Дибала агент Омар Пейронни ёллади, у эса британлар иштирокисиз ҳам савдони келишиши мумкин.— У қишгача — июнь июль ойигача келиша олмайди, — деди Баррера, — клубга эса пул ҳозир керак.— Ҳозир бизнинг олдимизга «Байер» ва «Боруссия» скаутлари келади, бунгача «Бенфика» вакили келган эди, — деди Тео. — Сизнинг бизнес-гуруҳингиз эса алкоголь ишлаб чиқарувчи Diageo компанияси билан ҳамкорлик қилади. Сизнингча энг яхши ўйинчимизга виски ва ароқ савдогарлари эгалик қилиши керакми?!— Биз «Институто»ни қутқаришимиз шарт! Бу энг асосийси, — секин, бироқ қатъий овозда гапирди клуб котиби, бир вақтнинг ўзида президентнинг ўғли Иван Баррера. — Овоз беришни таклиф қиламан: ким Дибалани Pencilhill бизнес-гуруҳига сотишга рози?
Йигирма уч киши қўл кўтарди.
— Ким қарши?
Ўн беш киши қарши овоз берди. Бир киши овоз беришда иштирок этмади. Шу куни кечқурун Хосе Тео Дибаланинг агенти Пейрон билан учрашди ва Паулога эгалик ҳуқуқи собиқ маклер Маскарди вакиллигидаги шубҳали британияликларга сотилиши ҳақида гапириб берди. Унинг фикрича, ноқонуний бўлган бу савдони чиппакка чиқариш учун йиғилиш тафсилотларини журналистларга маълум қилиш режасини ишлаб чиқиш керак эди.
Пейрон ҳайратда эди. «Институто» билан уч йиллик шартномаси бўлган Дибаланинг фикри билан ҳеч ким қизиқмади — уни юмшоқ ўйинчоқ каби сотиб юборишди. Яна футбол клубига ҳам эмас, балки, Буэнос-Айреслик бизнесменга. Пейрон суҳбат давомида Маскарди футбол атрофида ўралашиб юрадиган воситачи эканини, унинг энг яхши муваффақиятлари орасида Франко Васкеснинг «Палермо»га, Хуан Итурбенинг «Порту»га трансфери борлигини, аввалроқ у Авелянеда шаҳрининг «Расинг» клуби атрофида ўралашиб юрганини, ҳозир эса панжасини бутун бир Аргентина футболига тиқаётганини билиб олди.
2011 йилнинг охирги ўйинида Дибала мавсумдаги саккизинчи голини урди ва журналистларга шундай интервью берди.
— Айтишларича, вакилларингиз ҳозир Италияда бўлиб турган экан?— Бу рост, бироқ мен «Институто»нинг Примьерога кўтарилишда ёрдам бериш ҳақидагина ўйлаяпман ва чемпионат якунигача ҳеч қаерга кетмайман.
Неаполь. «Сан-Паоло» стадионидаги VIP хона. «Наполи» клуби эгаси Аурелио Де Лаурентиснинг ёнида спорт директори Рикардо Бигон ва бош скаут Марко Дзунино ўтирарди. Клуб эгаси аргентиналик йигит — Ди Наполимиди, Ди Паоломиди, хуллас, уша бола билан қизиқди. Бигон ва Дзунино ғалати ишлар бўлаётгани ҳақида айтишди. Эрталаб Дибаланинг агенти уч миллион сўраганини, бир неча соатдан кейин эса бизнесмен Маскарди қўнғироқ қилиб, футболчининг ҳуқуқлари унга тегишли экани ва беш миллион сўрагани ҳақида сўзлаб берди.
— Бу аукциондан чиқамиз, — деди Де Лаурентис. — Бошқа кимнидир тарбиялайверишсин.
Янги йил олдидан Хавьер Занетти Дибалани ўзининг анъанавий хайрия матчига таклиф қилди. Унда Паулонинг ўйини «Интер» эгаси Массимо Моратти эътиборини ўзига тортди. У Паулони Кордовада июнгача қолдириб, трансферни январдаёқ амалга оширишга тайёр экани ҳақида айтди. Бу Паулога ёқди. Йигит бир неча кун Буэнос-Айресда бўлиб, Европа паспортини расмийлаштириши керак эди. Унинг бобоси Польшанинг Кваснев шаҳридан, бувиси эса Неаполдан. Демак, бу масалада муаммо бўлмайди.
Бутун январь ойи давомида Миланга музокаралар учун турли кишилар учиб кела бошлади: гоҳо президент Баррера ўз ўғиллари билан, гоҳида бизнесмен Маскарди, баъзида эса агент Пейрон техник директор Хосе Тео билан. Моратти музокараларни 2,3 миллион евро билан бошлади, кейин уни уч миллионгача кўтаришга келишди. Савдо амалда ёпилгандек бўлди. Кордовадагилар бу пулни ўзаро қандай тақсимлашни ҳал қилса, бўлди эди.
Пейрон эса Маскарди билан амалга оширилган савдо ноқонуний экани ҳақида айтиб, барча пуллар клубга келиб тушиши керак, деб қатъий туриб олди. Баррера келишув таклиф қилади: Маскарди аллақачон «Институто»га Дибала учун пулнинг бир қисмини ўтказди, «Интер» ўтказадиган улуш ҳисобидан унга пулини қайтарамиз-у, қолганини ўзимизга оламиз.
Маскардининг ўзи Дибалани келишилган қиймат бўйича сотишга рози бўлмади. Аммо унинг бошқа муаммолари ҳам бор эди. Ферро компаниясининг 2002 йилдаги шубҳали банкроти сабаб Густавонинг изидан прократура тушганди.
31 январь куни тонгда «Интер» спорт директори Пьеро Аузилио «Институто»га қўнғироқ қилиб, ғалати маълумотлар олади ва трансфер ойнаси ёпилгунига қадар бу маш-машани ҳал қилиб бўлмаслигини тушунади. Шу тариқа «Институто» котиби «Интер»дан таклиф қайтиб олингани ҳақида факс олди.
4-қисм
2012 йилнинг июнь ойида Беррера гаров эвазига озодликка чиққан ўғли Маскарди билан Сицилияга учиб келиб, Дибаланинг розилигисиз уни «Палермо»га сотиб юборди. Италия клубининг эгаси Маурицио Дзампарини мақтанарди: «Мен янги Агуэрони 12 миллион еврога сотиб олдим ва бунда ‘Интер’, ‘ПСЖ’, ‘Челси’ каби клубларни доғда қолдирдим».Аргентинада эса умуман бошқача рақамлар янграй бошлади — 6 миллион. Британия компанияси Дибала учун октябрда ўтказиб берган пулидан улушини ортиғи билан олганди. Баррера эса «Палермо» эгаси сарфлаган ҳар бир евросига солиқ тўлаши ҳақида айтиб, рақамлар қандай қилиб 12 миллионга етиб қолганини тушунтиришга уринди.
Ғазабланган Хосе Тео Баррера ва Маскардини судга берди. Унинг иддаосича, клуб техник директори бўлишига қарамай, Дибаланинг трансферида унинг розилигини англатувчи имзо йўқ эди. «Палермо» эса Италия қонунчилигига кўра, техник директорнинг имзоси умуман шарт эмаслигини маълум қилди. Футболчининг агенти Омар Пейрон ҳам Теонинг ёнини олди, шунингдек, Дибала учун янада қизиқарлироқ бўлган «Манчестер Сити»га таклиф билан чиқди, машмашага «Интер»ни қайтармоқчи бўлди.
Мана шундай кунларда Дибала «Сан-Лоренцо» клубига қарши Премьерога йўлланма берувчи ўйинда майдонга тушди. Учрашувда «Институто» мағлуб бўлди, бироқ Дибала мавсумни 17 та гол билан якунлади. Бу Кавенаги урган голлардан 2 тага кам, бироқ Трезегенинг голидан кўпроқ эди (ўша мавсум «Ривер Плейт» клуби ҳам қуйи дивизионда иштирок этганди).
Ўз интервьюларининг бирида Дибала «Интер»га ўтишдан бахтиёр бўлишини, бироқ ҳозирча уловни «Палермо» тортиб кетаётганига иқрор бўлди. Бу пайтда Омар Пейрон «Кундан кунга» нашрида чиқиш қилиб, унинг оиласига таҳдидлар бошлангани, Дибала маш-машасидан чиқиши ва «Палермо» трансфери амалга ошиши учун рақиб бор кучи билан ҳаракат қилаётганини маълум қилди.
Июль ойи ўрталарида Дибала Рим ва Неаполь орасида сарсон бўлди. У Италияда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритганди, энди эса ҳаётининг кейинги қисми қандай бўлишини аниқлаб олиши керак эди. Бунда унинг қаршисида уч йўл бор эди: 1) исён қилишда давом этиши ва клуб танлашда эркинликка эришиш учун узоқ давом этадиган судга тайёргарлик кўриш; 2) уни «Палермо»дан сотиб олиши мумкин бўлган бошқа клуб топиш; 3) ёки шунчаки «Палермо» билан келишиш.
Июль сўнгида Дибала «Палермо» билан 4 йиллик келишувга имзо чекди. Клуб унинг маошини жамоанинг аввалги юлдузи Хавьер Пасторе олганича қилиб берди. Пауло Палермога онасини ҳам олиб келди. Алисия Италияда энди нафақат ўғли учун, балки Кордовадан Сицилияга кўчиб ўтган бошқа бир футболчи, Паулонинг дўсти ва ҳужумдаги тандеми Франко Васкесга ҳам кечки овқат тайёрлаб турарди. Январь ойида Пауло «Лацио» дарвозасига гол урди. Икки ҳафтадан кейин эса асосий таркибга киритилмади, «Палермо»да бош мураббий ўзгарганди.
— Дибалани таркибга киритмайдиган ҳар қандай мураббийни кетига тепиб ҳайдайман! — деб бақирарди Дзампарини «Аталанта»дан қабул қилиб олинган мағлубиятдан кейин.
Жамоа эгаси ўз сўзида турди ва ярим йил ичида тўрт бор мураббий алмаштирди. Қизиғи, уларнинг ҳаммаси Дибалани асосий таркибда ўйнатишни истамаганди. Шу тариқа сентябрда Гасперини, февралда Малезани келди. Қандайдир 3-4 ҳафтада Гасперини жойига қайтарилди, яна шунча ўтиб биринчи мураббий Саннино қайтиб келди. Мана шундай чарҳпалак оғушида «Палермо» Дибаласи билан Б серияга равона бўлди.
Пауло танаффус вақтида уйига қайтди. Кейинроқ мухолифатчи журналист Хорхе Ланатадан давлатдан пул ювишда айбланаётган учлик ҳақида эшитди: Аргентинанинг собиқ президенти Нестор Киршнер, унинг ўғли Макс ва сиз яхши эслаб қолган Густаво Маскарди. Улар аргентиналик футболчиларни Европага сотиш орқали давлатдан пул яширишда айбланганди.
5-қисм
2013 йилнинг ёз ойлари эди. «Институто» пулсизликдан қийналиб қолди. Футболчилар машғулот ўтказишдан бош тортар, клуб мухлислари эса жамоа офисини тошбўрон қилишдан чарчамасди. Якунда президент Баррера истеъфо беришга мажбур бўлди. Бу вақтда Кордовадан 50 километрлар чамаси узоқликдаги Лагуна Ларга шаҳарчасида Себастьян Баррионуэво болакайларни шуғуллантиришда давом этарди. Бир вақтлар унинг машғулотида ким нима топган бўлса, шуни киярди. Ҳозир эса улар икки бир хил либосда югуриб юрибди — «Палермо»нинг оқ ва пушти ранг формаларида. Июль ойида Дибала 9 рақами туширилган юзга яқин либосларни уларга ва синфдошларига совға қилганди (Дибала мактабни Италияга кетиши олдидангина тамомлаганди).2014 йилнинг 15 март куни Пауло «Брешия» дарвозасига гол урди. Унга пасни Франко Васкес ташлаб берганди. Бу вақтда эса Аргентина полицияси Дибаланинг трансферида қонунбузарликлар борлигини аниқлади ва «Институто» офисини тинтув қилишга киришди. Бунга сабаб Густаво Маскардининг айблови эди. У Дибаланинг трансфери давомида ўз президентига қарши чиққан клуб вакилларига шу тариқа жавоб ҳужумини уюштиришни истаганди.
Пауло эса А серияга қайтиб, кетма-кет беш ўйинда гол урди. Антонио Конте уни Италия терма жамоасига чақирди. Хуан Карлос Баррерани эса навбатдаги синовлар кутиб турганди. У ва уч ўғлини қамоққа олишди. Оила Bacar фирмасидаги молиявий фирибгарликлар бўйича айбланди.
2015 йилнинг 6 январь куни Дибала «Кальяри» билан ўйинда дубл қайд этди. Орадан кўп ўтмай Аргентина телеканалларидан бири суриштирув-репортажи уюштириб, «Институто»да 2011 йил бўлган ишларни очиб ташлади. Президент Баррера бизнесмен Маскарди билан Дибалани сотиш бўйича иккита шартнома тузган бўлиб чиқди. Биринчиси ҳаммага маълум бўлган уч миллионлик, иккинчиси эса қўшимча 1 миллионлик. Маскарди эса бу ишларга тупуриб қўйди ва Европага йўл олди. Мадрид, Париж, Лондон бўйлаб саёҳат қилиб, Дзампарини номидан иш олиб борди ва Дибалани 40 миллионга пуллашга уринди. Чунки «Палермо» келтирилган зарар ўрнини қоплаши учун шунча пул керак эди.
2015 йилнинг 4 апрель куни Дибала «Милан» постини худди биринчи ўйинда бўлгани каби ишғол қилди. Бир ой ўтиб эса бош мураббий Якини клубнинг асосий снайперини захирага ўтказиб қўйди. Мураббий бу ишни Дзампаринининг буйруғи билан қилди. Чунки «Палермо»нинг эгаси «Ювентус» билан музокара олиб бораётганди ва мана шундай ҳал қилувчи паллада Дибаланинг жароҳат олиб қолишидан чўчиб турарди.
Дзампаринининг ёнида Дибаланинг ўзи учун янада яхшироқ таклифлар бор эди. Бироқ «Институто» билан шартномада — агар Дибала Италиядан бошқа мамлакат клубига йўл олса, Аргентина жамоаси сумманинг икки фоизига эга чиқиши керак эди. Агар трансфер Италиянинг ўзида бўлса, унда «Палермо» барча пулларни ўзида қолдириши мумкин эди.
Янги клуб таклифига кўра, Дибала Чемпионлар лигасининг финали учун Берлинга ташриф буюрди ва кейин клубда Карлос Тевеснинг ўрнини эгаллади. Тақдир ҳазилини қарангки, Дибала 12 йил аввал айнан шу футболчининг голига пул тикиб, у қадар омадсиз эмаслигига иқрор бўлганди.
Бир неча ойдан кейин Дибала Аргентина терма жамоаси аъзосига айланди. «Рома»га қарши ўйинда «Юве»га ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди, бу унинг мавсумдаги 12-аниқ зарбаси бўлди. Кейинроқ «Ювентус» директори Беппе Моратта Дибалани 80 миллион еврога «Барселона»га қўйиб юборишни истамаганди. Унга қадар эса, Турин клуби билан шартнома имзолаган Пауло Лагуна Ларгага қайтди.
Дибала ўзи тўп сурган, отаси эса 80 йилларда ўйнаган «Спортиво» клубининг энг машҳур тарбияланувчиси учун ташкил қилинган банкетида иштирок этди. Стадион атрофида етти юзга яқин мухлис тўпланди. Бу Лагуна Ларганинг ўндан бир аҳолиси эди. Улар орасида Паулонинг онаси ва икки акаси ҳам бор эди. Кордовадан эса сўнгги вақтларда оёғидаги муаммо сабаб кам ҳаракат қилаётган Сантос Турса ҳам етиб келди.
Бу эса Дибаланинг отаси. У ўғли ушлаб турган суратда тепа қаторда чапдан учинчи бўлиб турибди.
Изоҳ (0)