Осиё Чемпионлар лигасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган «Локомотив» ва «Бунёдкор» клублари 4-турда зафар қуча олмади.
«Темирйўлчилар» ўз майдонида «Истиқлол» билан дуранг ўйнади. Ғалаба асосий вақт якунига уч дақиқа қолганида қўлдан чиқарилди.
4-турдан кейин «Локомотив» 4 очко билан сўнгги ўринни эгаллаб турибди. Унинг каби 4 очкоси бор бўлган дебютант «Ат-Таавун» ўз майдонида «Локомотив»дан устун келганди — 1:0.
Навбатдаги икки турнинг бирида «Локомотив» ўз уйида «Ат-Таавун»ни қабул қилади, шунингдек, гуруҳ пешқадами бўлган «Ал-Аҳли» уйига сафар этади. Томонларнинг Тошкентдаги ўйинида Мирко Йеличич жамоаси 2:0 ҳисобида зафар қучганди.
Маълумот учун, «Локомотив» Чемпионлар лигасидаги энг яхши натижасига 2016 йилги мавсумда эришган бўлиб, чорак финалга қадар етиб борганди. Сервер Жепаров, Санжар Шоаҳмедов, Темурхўжа Абдухолиқовнинг жамоадан кетиши эса ўтган мавсум гуруҳ босқичини мағлубиятсиз ўтказган клубни бу йил қийин аҳволда қолдирди.
«Бунёдкор»да эса гуруҳ босқичини муваффақиятсиз якунлаш анъана тусига кирди. Чунки қаторасига учинчи бор клуб ундан ўта олмади. Уч сафар ҳам жамоа майдонга Сергей Лушчан бошқарувида чиқиб келди.
Аввалги интервьюларида Лушчан клуб раҳбарияти ҳайдаб юбормагунича ишлайверишини ва истеъфо бермаслигини айтиб ўтганди.
Маълумот учун, Сергей Лушчанга қадар «Бунёдкор» кетма-кет етти йил давомида Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлай олганди.
Изоҳ (0)