Ироқ Қуролли кучлари вакили Яҳё Расул ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари ҳозирги пайтда мамлакатнинг етти фоиздан камроқ ҳудудини назорат қилаётганлигини маълум қилди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар бермоқда, деб ёзади «РИА Новости».
Расулнинг сўзларига қараганда, ҳозирда 30 минг квадрат километрдан камроқ ҳудуд гуруҳ назоратида бўлиб, бу Ироқ умумий ҳудудининг 6,8 фоизини ташкил этади. Генерал ИШИД фаоллигининг авжида Ироқнинг 40 фоиз ҳудудини назорат қилганлигини эслатиб ўтди.
Мосулни озод этиш бўйича операция бош штаби маълумотларига кўра, 2016 йилнинг 17 октябридан жорий йилнинг 8 апрелига қадар Ироқ кучлари ИШИДнинг 6,5 мингдан ортиқ бомба ва 166 учувчисиз учар қурилмасини йўқ қилган. Бош штабнинг таъкидлашича, 95 мингдан ортиқ қочоқ Ғарбий Мосулдаги ўз уйларига қайтган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)