Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалини яратиш бўйича халқаро танлов натижалари яқин вақт ичида эълон қилинади. «Новости Узбекистана» нашри хабарига кўра, 3 апрель куни соат 17:00 да Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг кўргазмаси очилади.
«Ҳозирча эса ўзбекистонликлар ҳайкалтарошларнинг ишларига фақат суратлар орқали баҳо беришлари мумкин. Кўргазма очилишига бир неча кун қолганида Facebook’даги ‘Ўзбекистон ҳайкалтарошлари’ гуруҳига ҳайкалларнинг макетлари суратлари жойлаштирилди», — дейилади нашр хабарида.
Танлов низомига мувофиқ, ҳайкаллар лойиҳа муаллифининг исми кўрсатилмаган ҳолда намойиш этилади. Фақат танлов ғолибларининг исмлари ошкор этилади, уларга мос равишда 25 минг, 20 минг ва 15 минг доллар миқдорида мукофот пуллари топширилади. Шунингдек, 5 минг доллардан яна учта рағбатлантирувчи мукофот тақдим этилади.
Танлов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2 декабрдаги қарорига мувофиқ ўтказилмоқда. Ислом Каримов шарафига ишланган ҳайкаллар Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларига ўрнатилади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)