Биржа котировкаларидан келиб чиқиб ҳисобланса, дунёдаги энг қиммат компания — бу Apple, у 730 миллиард доллар туради. Унинг энг яқин издошлари эса — Alphabet (яъни Google, 570 миллиард доллар) ва Microsoft (503 миллиард доллар). Аммо биржада қатнашмайдиган компаниялар-чи? Meduza ёзишича, ёпиқ компаниялар орасида Саудия Арабистонининг Saudi Aramco нефть гигантигина Apple’га рақобатчи бўла олади, деб ҳисоблашади. Шу ҳафта у кескин қимматлашди ва энди бир триллион доллардан ҳам ошиқроқ туриши мумкин.
Saudi Aramco давлат компанияси дунёдаги энг катта нефть компанияси эканлиги азалдан маълум. Бироқ компания акциялари биржада сотилмаслиги ва у қатъий халқаро стандартлар бўйича ҳисоб бермаслиги туфайли, уни холисона баҳолаб бўлмаган.
Бир неча йил аввал нефть нархи тушганидан сўнг Саудия Арабистони бюджетида юзага келган танқислик натижасида маҳаллий амалдорлар Saudi Aramco’нинг 5 фоизини сотиб, мамлакатни нефтга қарамликдан қутқаришга қарор қилди. Бу компания нархи борасида муҳокамаларнинг янги тўлқинини ҳосил қилди.
Яқиндагина Wood Mackenzie консултантлари Saudi Aramco’ни 400 миллиард долларга баҳолади. Бу кўрсаткич билан у барибир дунёдаги энг қиммат нефть гиганти бўлиб қолса-да, Google ва Apple’дан ортда қолар эди.
Ўз нефть компанияси потенциал қийматини ошириш учун, Саудия Арабистони 26 март куни тармоқнинг солиққа тортилиш тартибини ўзгартирди. Энди Saudi Aramco бюджетга ўз даромадининг 85 фоизини эмас, 50 фоизини топшириши керак. Sanford C.Bernstein консалтинг компанияси прогнозларига кўра, бу компаниянинг соф даромадини 300 фоизга кўпайтиради. Компания қиймати 1—1,5 триллион атрофида тебранади, деб ҳисоблайди Sanford C.Bernstein. Демак, Saudi Aramco — дунёдаги энг қиммат компания, дея хулоса қилади Meduza.
Изоҳ (0)