Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Янги шаҳар ва Боғишамол кўчаларини туташтирувчи янги кўприк билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мавзуга доир: Бўзсув устидан қурилган ва Юнусободни Мирзо Улуғбек тумани билан боғловчи янги кўприк бўйлаб автомобиллар қатнай бошлади
Умумий узунлиги 423, баландлиги 5,5, кенглиги 33 метр бўлган 8 полосали мазкур кўприк «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига қарашли «Кўприк қурилиш трести» томонидан олти ойда қуриб битказилди. Кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун 2 метрли йўлак барпо этилган.
Президент бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишар экан, янги кўприкнинг Тошкентнинг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларини туташтиришдаги аҳамияти улкан эканини таъкидлади. Илгари ушбу туманлардан бир-бирига автомобилда 17—18 километр айланиб борилган бўлса, янги кўприк фойдаланишга топширилгач, одамларнинг узоғи яқин бўлди.
Бундай кенг кўламли ва эзгу ишлар туфайли пойтахтимиз йўлларининг хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги тубдан яхшиланмоқда. Мазкур янги кўприк автомобилларнинг ўтиш имкониятларини бир неча марта ошириш баробарида аҳолига бир қанча қулайликлар яратади. Мана шундай замонавий кўприкнинг қисқа вақтда барпо этилгани мамлакатимизнинг жадал ривожланиб бораётгани, халқимиз улкан ютуқ ва марраларга эришаётганидан далолатдир.Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти
Мавзуга доир: Фоторепортаж: Бунёдкор—Муқимий чорраҳасидаги янги кўприк
Изоҳ (0)