Лондон полицияси Буюк Британия парламенти биноси олдида юз берган ва ўнга яқин одамнинг жабрланишига сабаб бўлган ҳодисани теракт сифатида тергов қилмоқда. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
«Биз мазкур ҳодисани то бунинг аксини тасдиқловчи далилларни қўлга киритмагунимизча террорчилик ҳодисаси сифатида тергов қиламиз», — дейилади полиция баёнотида.
Дастлабки маълумотларга кўра, 22 март куни кундузи машина бўлган номаълум шахс Вестминстер кўпригида бир неча пиёдани уриб ўтган, шундан сўнг парламент биноси олдидаги тўсиққа бориб урилган.
Деярли шу вақтда парламент олдида навбатчилик қилаётган полициячиларга пичоқ билан ҳужум қилинган; полиция ҳужум қилган шахсга қарата ўт очган.
Ҳар иккала ҳодисада ҳам бир киши ҳаракат қилганми-йўқми, ҳозирча расман номаълум.
Ҳалок бўлганлар ва жабрланувчилар ҳақида расмий ахборот йўқ. Ҳодиса жойида бўлиб турган Reuters фотомухбири ўндан ортиқ одам жабрлангани ҳақида хабар берган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)