Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент ва Наманган шаҳарларида Хорватияга ишга юборишни айтиб фирибгарлик қилган икки киши ушланганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик жиноятини содир қилган шахс Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида истиқомат қилувчи 3 нафар фуқарога ўзини гўёки сайёҳлик фирма вакили сифатида таништириб, уларнинг ишончига кирган. Сўнгра Хорватияда танишлари борлигини айтиб, уларни ишчи виза асосида ушбу мамлакатга ишга юбориш эвазига 6000 доллар талаб қилган.
ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пулдан 3000 долларни олдиндан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бу каби фирибгарлик ҳолати Наманган вилоятида ҳам қайд этилган. Наманган шаҳрида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс алдов йўли билан уч нафар ҳамшаҳарининг ишончига кирган. Мазкур шахс ҳозирда Хорватияда ишловчи акасининг кўмагида уларни ушбу мамлакатга ишлаш учун юбориш эвазига ҳар биридан 2600 доллар, жами 7800 доллар талаб қилган. Аммо у Янги Наманган туманида ушбу пулдан 3900 долларни олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ҳозирда иккала қонунбузарга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу моддага кўра, анча миқдорда фирибгарлик қилиш БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача (41,2 миллион сўмдан 123,6 миллион сўм) миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
2025 йилнинг фервалида Андижонда ноқонуний йўл билан Японияга ишга юборишни ваъда қилган икки киши ушланганди. Май ойида Жиззахда фуқарони 30 минг доллар эвазига АҚШга ишга юборишни ваъда қилган шахс қўлга тушганди.
Миграция агентлиги бош мутахассиси Жасур Саъдуллаев фуқаролардан Миграция агентлиги ҳамда тегишли лицензияга эга 18 та хусусий бандлик агентликларидан ташқари, ҳар қандай шахслар ёки тадбиркорлик субъектлари томонидан чет элга ишга юбориш бўйича билдириладиган асоссиз таклифларга алданиб қолмасликларини сўраганди.
Изоҳ (0)