Forbes журнали йиллик дунё миллиардерлари рўйхатини эълон қилди. 2017 йил ушбу рейтингга 2043 нафар шахс номи киритилиб, рекорд натижа қайд этилди, деб хабар беради Meduza.
Forbes ҳисоб-китобларига кўра, бир йил аввал дунёда молиявий аҳволи бир миллиард доллардан кам бўлмаган шахслар сони 1810 кишини ташкил этган эди.
Сўнгги тўрт йилдан бери рўйхатга етакчилик қилиб келаётган Microsoft асосчиси Билл Гейтс бу йилги рейтингда ҳам ўзининг 86 миллиард долларлик молиявий аҳволи билан биринчиликни эгаллади. Гейтс сўнгги 23 йил давомида 18 маротаба сайёранинг энг бой одами номига сазовор бўлди. Ўтган йил давомида унинг маблағи 10 миллиард доллардан кўпроққа ошди.
Рейтингнинг иккинчи поғонасини сармоядор Уоррен Баффет ўзининг 75,6 миллиард доллари билан забт этган бўлса, кучли учликни Amazon’нинг 72,8 миллиард долларга эга асосчиси Жефф Безос якунлади. Безос сўнгги бир йил ичида 27,6 миллиард доллар ишлаб топди. Бу Forbes рўйхатидаги энг катта кўрсаткич саналади.
Zara либослари тармоқ дўконлари эгаси Амансио Ортега 71,3 миллиард доллар билан тўртинчи ўринни эгаллаган бўлса, бешинчи поғона 56 миллиард доллари бўлган Facebook яратувчиси Марк Цукербергга насиб қилди.
Forbes’нинг миллиардерлар рўйхатига киритилган 2043 нафар кишининг умумий молиявий аҳволи 7,67 триллион долларни ташкил этади.
Изоҳ (0)