Чемпионлар лигасининг чорак финал жуфтликлари кенг муҳокама қилинмоқда. Миллионлар ўйинига бефарқ бўлмаган мухлислар қуръа аввалида ўз тахминларини ҳам тайёрлаб қўйишганди.
Иорданиялик карикатура устаси Омар Момани қуръа якунида бизни олдинда кутиб турган тўқнашувларни 1 та расмда ифодалаб берди.
Расмнинг юқорида қисмида Зинедин Зидан ва Карло Анчелотти ёрлиқ талашаётган бўлиб, бунда Зидан магистр, Анчелотти муаллим либосида кўриниш берган. Сир эмаски, Карло Анчелотти «Қироллик клуби»ни бошқарганида Зидан ундан кўп нарсаларни ўрганиб, шогирд тушганди.
Лионель Месси ва Гонсало Игуаин каби ҳужумчиларни Аргентина терма жамоаси боғлаб туришини сиз яхши биласиз. Нафақат «Барселона», балки терма жамоасида ҳам бошқарувни қўлга олишга интилаётган Месси вазн орттиришда давом этаётган Гонсалони койиб турибди. «Ювентус»да аргентиналик яна бир иқтидор — Пауло Дибала ҳам борлиги инобатга олинса, бу трионинг ўзаро тўқнашуви анчагина қизиқ бўлади.
Пастроқда Кьеллини ҳамда Суарес акс этган. 2014 йилги Жаҳон чемпионатида Италия ва Уругвай терма жамоалари тўқнаш келиб, Суарес Кьеллинининг бўйнидан тишлаб олганди. Кейинроқ ҳужумчи ФИФА томонидан жиддий жазога тортилган.
Қуръа аввалида «Ювентус» футболчилари, айниқса Кьеллини «Барселона»га рақиб бўлишни истаётгани ҳақида айтиб ўтди. Бунда интиқом руҳи бор. Нафақат Кьеллинида, балки Чемпионлар лигаси финалида «Барселона»дан 1:3 ҳисобида енгилган «Ювентус»нинг барча футболчиларида шу кайфият.
Дани Алвеш ҳамда Тони Кроос эса собиқ жамоаси билан тўқнаш келиб қолгани расмда кўринган. Бири «Барселона»нинг, иккинчиси эса «Бавария»нинг суратларини қўлга олиб, соғинч кўз ёшларини тўкиб турибди.
Изоҳ (0)