Франциянинг етакчи клубларидан бири — “Пари Сен-Жермен” ёзги трансфер ойнасида ҳужум чизиғини кучайтиришни режалаштирмоқда. Инсайдер Флориан Плеттенберг ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзишича, амалдаги Европа Чемпионлар Лигаси ғолиби Мадриднинг “Реал” жамоасида тўп сураётган бразилиялик ҳужумчи Родригонинг атрофидаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.

Манбага кўра, парижликлар ҳужум чизиғини мустаҳкамлашни мақсад қилган ва Родриго бу борада идеал номзод сифатида қаралмоқда. Футболчининг ўзи эса “Реал”даги вазиятдан унчалик мамнун эмас — у доимий ўйин амалиётига эга бўлишни хоҳламоқда. Бироқ клубнинг янги бош мураббийи Хаби Алонсо унга тўлиқ ишонч билдирмаётгани айтилмоқда.
Аввалроқ Лондоннинг “Тоттенҳэм” клуби Родригога қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ АS нашрининг ёзишича, “шпорлар” бу борадаги қароридан воз кечган ва футболчи учун таклиф юборишга шошилмаяпти. Бундан ташқари, Англия Премьер Лигасининг яна икки гранди — “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити” ҳам Родригога қизиқиш билдираётгани айтилмоқда.
Маълумот ўрнида, Родриго 2019 йил ёзида Бразилиянинг “Сантос” клубидан Мадриднинг “Реал” жамоасига ўтган бўлиб, “қаймоқранглилар” унинг трансфери учун 45 миллион евро тўлаган эди. 24 ёшли ҳужумчи ва “қироллик клуби” ўртасидаги шартнома 2027/28 йилги мавсум охиригача амал қилади.
Изоҳ (0)