Афғонистон ҳукумати Россияга миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 100 дан ортиқ объектга инвестиция киритишни таклиф қилди, деб ёзади «Газета.ru».
Ўз навбатида Афғонистоннинг Москвадаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича атташеси Муҳаммад Қосим Афғонистон томонидан Россия бизнеси тўлиқ қўллаб-қувватланишини ваъда қилди.
«Афғонистондаги кўплаб объектлар Собиқ иттифоқ мутахассислари томонидан қурилган ва Россия томонидан қайта тикланиши мумкин. Уларнинг сони 100 дан ортиқ, аниқроқ қилиб айтсак — 124 та», — дея у бундай объектларнинг баъзиларини тилга олди.
Қосимнинг сўзларига кўра, Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш мавзуси Россия билан музокараларда кўтарилган. Афғонистон элчиси билан учрашувда Россия энергетика вазири айни пайтда инвестиция киритишга тайёр бўлган Россиянинг 30 га яқин фирмаларини тилга олган.
Шунингдек, атташе таъкидлашича, Афғонистон президенти Ашраф Ғани Россиянинг иқтисодий иштироки кучайтирилишини қўллаб-қувватлайди, шу мақсадларда махсус иқтисодий кенгаш тузилган.
Изоҳ (0)