Япония ҳукумати девонида юқори лавозимда ишлайдиган мансабдор шахс табиий офатлар қурбонлари устидан кулиш деб қабул қилинган гаплари учун ўз амалидан туширилди, деб ёзади «ТАСС». Вазирлар маҳкамаси канцеляриясининг парламент котиби, 60 ёшли Сюнскэ Мутаининг ўзи аввалроқ истеъфо сўраб ариза берган ва расман узр сўраган эди.
Мутаи билан боғлиқ можаро у ўтган йилнинг сентябрида тўфондан жабр кўрган туманлардан бирига хизмат сафари билан юборилганида юзага келган эди. Ўшанда резина этик кийишни унутгани учун, сув ва лойга тўла жойда юра олмай қолган мансабдорни унинг қўл остида ишлайдиган ходим опичлаб юришига тўғри келган. Бу шов-шувга сабаб бўлгач, ҳукумат вакили ўз хулқи учун узр сўради, аммо жазоланмади.
Шу ҳафтада бўлиб ўтган хайрия тадбирларидан бирида парламент котибининг ўзи ушбу воқеани эсга олди ва сентябрдаги тўфон туфайли резина этикларга талаб ўсиб кетганини айтди.
Унинг бу гапи офатдан жабрланган минглаб кишиларнинг азоблари устидан кулиш деб баҳоланди. Ҳукумат осойишталикни бузувчи мансабдордан қутулишга қарор қилди.
Изоҳ (0)