Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирларнинг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди. Бу ҳақда палата ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этиш жоизки, ушбу қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида мавжуд бўлган нормаларнинг амалиётга татбиқ этилишини таъминлайди.
Қонун лойиҳасида Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик-процессуал, Жиноят-ижроия кодекслари ва «Судлар тўғрисида»ги ҳамда «Прокуратура тўғрисида»ги қонунларга «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини янада кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва либераллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат қилувчи органлар фаолиятининг самарадорлиги ва аҳолининг одил судловга бўлган ишончи ортишига хизмат қилади.
Жиноий жазолар тизимига мажбурий жамоат ишларининг киритилиши муносабати билан қамоқ тариқасидаги жиноий жазо бекор қилинади. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни ушлаб туриш, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш, дастлабки тергов, шунингдек, фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилмоқда.Шуҳрат Мамажонов, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси
Изоҳ (0)