Жаҳон бокс серияси (WSB)нинг VII мавсум «C» гуруҳи 2-турида Қозоғистоннинг Astana Arlans жамоаси ўз уйида Ўзбекистон боксчиларидан ташкил топган Uzbek Tigers жамоасига қарши баҳс олиб борди. Бешта жанг натижасига кўра ўзбекистонлик боксчилар 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди ва мавсумдаги кетма-кет иккинчи мағлубиятини қабул қилди.
52 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги боксчилар рингга кўтарилди. Унда Аброржон Қодиров рақиби Олжас Саттибаевга 0:3 ҳисобида ютқазди.
-60 килограмм вазнда Рио—2016 бронза медали эгаси Муроджон Аҳмадалиев Зокир Сафиуллинга 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Жамоалар ўртасидаги учинчи беллашувда -69 килограмм вазндаги боксчилар куч синашди. Унда Рио–2016 кумуш медали соҳиби Шаҳрам Ғиёсов кутилмаганда 1:2 ҳисобида Асланбек Шимбергеновга мағлуб бўлди.
Шаҳрам Ғиёсов Риодаги муваффақиятидан сўнг ўзини шоу-бизнесда ҳам синаб кўрди.
Боксчи хонанда Шаҳзоданинг «Billionaire» («Миллиардер») номли қўшиғига олинган клипида суратга тушди.
Ҳеч қандай аҳамият касб этмаган бўлса-да, -81 килограмм вазндаги Бектемир Мелиқўзиев Ўзбекистон ҳисобига ягона очко олиб келган боксчи бўлди. У Нурдаулет Жармановни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Ниҳоят, сўнгги беллашувда энг оғир – 91 килограммдан оғир бўлган боксчилар рингга кўтарилди. Баҳодир Жалолов рақиби Камшибек Кункабаевга қарши жанг қилди ва 0:3 ҳисобида мағлубиятга учради.
Эслатиб ўтамиз, Uzbek Tigers WSB’нинг 2017 йилги мавсумини China Dragons’га учралган мағлубият билан бошлаган эди. Ўзбекистонлик боксчилар навбатдаги – 3-турни 4 март куни Тошкентда, Россиянинг Patriot Boxing Team боксчиларига қарши ўтказади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)