Жаҳон бокс серияси (WSB)нинг VII мавсум «C» гуруҳи 2-тури доирасида Қозоғистоннинг Astana Arlans жамоаси ўз уйида Ўзбекистон боксчиларидан ташкил топган Uzbek Tigers жамоасига қарши баҳс олиб бормоқда.
Жамоалар ўртасидаги учинчи беллашувда -69 килограмм вазндаги боксчилар кучи синашди. Унда Рио–2016 кумуш медали соҳиби Шаҳрам Ғиёсов 1:2 ҳисобида Асланбек Шимбергеновга имкониятни бой берди.
Аввалроқ Аброржон Қодиров рақиби Олжас Саттибаевга (0:3), Муроджон Аҳмадалиев эса Зокир Сафиуллинга 0:3 ҳисобида имкониятни бой берганди.
-81 килограмм вазн тоифасида Нурдаулет Жарманов Бектемир Мелиқўзиевга, +91 килограмм вазнда Камшибек Кункабаев Баҳодир Жалоловга қарши рингга кўтарилиши керак. Аммо мазкур жанглар натижасидан қатъи назар Astana Arlans ҳисобни 3:0 кўринишига етказиб бўлгани учун муддатидан аввал ғалаба қозонди.
Эслатиб ўтамиз, Uzbek Tigers WSB’нинг 2017 йилги мавсумини China Dragons’га учралган мағлубият билан бошлаган эди. Ўзбекистонлик боксчилар навбатдаги – 3-турни 4 март куни Тошкентда, Россиянинг Patriot Boxing Team боксчиларига қарши баҳс олиб боради.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)