Япониянинг Ямагути префектураси полицияси якудза мафия гуруҳининг янги бош қароргоҳи мактабга жуда яқин жойлашгани тўғрисидаги айблов асосида тўда етакчисини ҳибсга олди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Года-икка» жиноий тўдаси ноябрь ойининг ўрталарида бошланғич мактабдан 230 метр узоқликда ўзига янги қароргоҳ очган.
Бу ҳолат мамлакатдаги уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига нисбатан мавжуд қонунчиликка мутлақо зиддир.
Натижада 75 ёшли етакчи билан биргаликда гуруҳнинг яна икки аъзоси ҳам ҳибсга олинган.
Уларнинг бари бир йилгача озодликдан маҳрум этилиши ҳамда 500 минг иена (қарийб 5 минг доллар) миқдорида жарима тўлашга мажбур қилиниши мумкин.
Маълумот ўрнида, сўнгги икки йилда бутун Япония бўйича мафиозиларнинг 60 дан зиёд тўқнашув қайд этилди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.