Тошкентда трамвайлар ҳаракатини қайта йўлга қўйиш борасида ҳозирча ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси бошқарув раиси, пойтахт ҳокими ўринбосари Отабек Содиқов журналистлар билан учрашувда маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz».
«Тошкентда трамвайлар ҳаракати қайта йўлга қўйиладими, деган саволга жавоб берар экан, Отабек Содиқов бу борада ҳозирча ҳеч қандай сўз бормаётганини таъкидлади. Айни пайтда, 2030 йилгача шаҳарнинг ягона транспорт тизими доирасида пойтахт атрофи бўйлаб электр поезди ҳалқа йўли қурилишини эслатиб ўтди», — дейилади «Газета.uz» хабарида.
Тошкент шаҳрида трамвайлар ҳаракати 2016 йил майида тўла тўхтатилган, йил давомида шаҳардаги аксарият асосий трамвай йўллари демонтаж қилинди. Шаҳарда трамвай ҳаракати бундан 115 йил аввал йўлга қўйилган ва 2016 йил майига қадар узлуксиз ишлаб келаётган эди.
2016 йил октябрида Самарқандда трамвай қатновини йўлга қўйиш ташаббуси ўртага ташланди. Ҳозирда шаҳарда трамвай йўлининг дастлабки қисми қурилмоқда. У 2017 йилнинг мартида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. 2011—2012 йилларда Тошкент учун Чехиядан сотиб олинган олтита Vario LF трамвайлари ҳам ҳозирда Самарқандга етказилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)