Пекинда 24 январь куни Ўзбекистон—Хитой вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Музокаралар давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг ҳолати ва уларни чуқурлаштириш истиқболлари ҳамда Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг 2016 йил 21—22 июндаги Ўзбекистонга ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни батафсил муҳокама қилинган.
«Учрашувда бўлажак юқори ва олий даражадаги ташрифларга тайёргарлик жараёни кўриб чиқилди», — дейилади ТИВ ахборотида.
Шу куннинг ўзида Пекин шаҳрида Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон—Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича қуйи қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтиб, унда мазкур соҳадаги ҳамкорлик сарҳисоб қилинди ва истиқболлари белгилаб олинди, халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)